Қумқўрғондаги муҳтож оилага бошпана қуриб берилди
Давлатой ва Саида Худойқуловаларнинг онаси вафот этган. Отаси эса иккинчи гуруҳ ногирони. Улар уваланиб кетаётган, хатто деразаси ҳам йўқ икки хонали уйда истиқомат қилишарди. Вояга етган опа-сингиллар остонасидан хадемай совчилар кела бошлайди, бироқ шу кунга қадар совчиларни қаршилашга бирор тузукроқ хонанинг ўзи йўқ эди. Соат ака Эшқобилов қизларининг тақдирини ўйлаб юраги эзилади, аммо шароитни яхшилашга, янги уй қуришга имкони етмайди, топгани эса рўзғордан ортмайди. Ушбу хонадон эгалари Қумқўрғон тумани «Хўжамулки маҳалласида истиқомат қилишади.
Юртбошимиз рахнамолигида халқнинг дардига қулоқ тутиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш каби инсонпарварлик сиёсати туфайли, туман ҳокими Рахматулла Гаппаров ва сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганишлар натижаси ўлароқ, қанчадан-қанча фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топилмоқда.
Ушбу оилага ҳам туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлик асосида янги уй қуриб берилди. Кечагина янги бошпанали бўлишни тасаввур ҳам қилмаган Давлатой ва Саидалар, бугун янги орзу-умидлар билан янги уйга қадам қўйишди. Соат аканинг ҳам катта муаммоси ариди. Савоб умидидаги саховатпеша, меҳр оқибатли инсонлар ҳам қўлдан келганча ўз ҳиссаларини қўшишди. Янги уйга янги гиламлар тўшалди, янги кўрпачалар тикилди. Телевизор, микротўлқинли печ совға қилинди. Хонадон эгалари учун қўшалоқ байрам, янги йилнинг киришига саноқли кунлар қолган бўлсада ҳайрли бўлди.
— Бугунги қувончимни тарифлаб беролмайман,— дейди Давлатой. — Янги ватанли бўлдик, энди ҳеч кимдан уялмаймиз, бошимиз ҳам эгик бўлмайди. Қишнинг совуқ хавоси ҳам энди бизни қўрқитолмайди, чунки бизнинг ҳам иссиқ бошпанамиз бор. Мурожаатларимизни эътиборсиз қолдирмаган туман ҳокимига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Туманда худди шундай оғир шароитда яшаётган, ҳимояга муҳтож яна тўртта оилаларга уй қуриб берилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter