Қорни тўқ, кайфи тароқ... қалби очликдан чекинайлик

Тўй – ҳар бир халқнинг маданий-маънавий кўриниши, миллий бойлиги ва албатта, кишини тарбияловчи бир восита бўлиб хизмат қилиб келган. Айниқса, ўзбек халқи учун. Бир пайтлар тўйларда лапарлару ёр-ёрлар, миллий рақс санъати, қўшиқ санъати юксак даражада камол топган экан. Энг машҳур полвонлар ҳам, энг зўр хушовоз ҳофизлар ҳам хокисор элимизнинг тўй-томошаларидан етишиб чиққан. Кексалар сўзига қулоқ тутсангиз, бундан 50-60 йил илгариги тўйлар ҳақида ўзгача фикрларни тинглайсиз.
– Бурунги тўйлар бутун маҳаллага ибрат, ўрнак маросими бўла оларди. Қизлар иффату ҳаё пардаси остида одоб ила ўйин-кулги қилишарди. Шариат аҳкомларига риоя этган ҳолда йигитлар билан шеърхонлик, чиройли айтишувлар билан базму жамшидни обод этишарди. Афсуски, бугунги шов-шувли замон халқимизнинг муқаддас анъаналарига, тўйларига ўз таъсирини ўтказди. Спиртли ичимликлар тўй дастурхонининг шоҳига айланди. Устига-устак аёллару эркаклар бир дастурхон устида май тўла қадаҳ чўқиштиришади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилиб, тўйларда «Мен сендан камми?» дея исрофгарчилигу, кимўзарчиликнинг авж олишига сабаб бўлишди. Худди мана шу дабдабалар ўзбекнинг асл тўйларини емирди. Исрофгарчилик иллати – тўй расм-русумларини издан чиқариб, ҳатто, қанча-қанча ёш оилаларнинг пароканда бўлиб кетишига ҳам сабаб бўлаётир, – дейди ёши 70дан ошган Насрулло ака Адизов куйиниб.
Ўзбекистонда тўй-ҳашамларни тартибга солишга оид янги ҳужжатнинг қабул қилинаётганидан кўзда тутилган мақсад, албатта, тўй-ҳашамларни ихчамликни ошириш ва исрофгарчиликка қарши курашиш.
Аслида, мамлакатда бундай қонунлар илгариги йиллар ҳам мавжуд бўлган. Фақат амалда, деярли, ишламаган. 2017 йили оилавий маросимларни тартибга солиш, исрофгарчилик ва дабдабабозликка йўл қўймаслик зарурлиги борасида ҳужжат қабул қилинган бўлса, 2019 йилда «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор ҳамда Низом эълон қилинган. Бу низом парламент палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қарори билан тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга. Шу йиллар давомида ҳужжат нега натижа бермаган, тўйларни қонуний йўл билан тартибга солиш, унга риоя қилмаганларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги муносабатларга нега панжа ортидан қараб келинган, деган савол туғилади.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил август ойида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув чоғида тўй-маъракаларни тартибга солиш нозик масала эканига урғу бериб: «Ҳақиқатдан ҳам айни шу масалалар неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз», деди ва оилавий маросимларга «Тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала» деб жуда тўғри баҳо берган.
Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка, ОАВ орқали чиқишларга қарамай, тўйларни дабдабали ўтказиш, сарполар олишу маишатга муккасидан кетишлик кучаймоқда. Бундай ҳолатлар кўпчиликнинг жонига теккан бўлса ҳам, тўйларни ихчам ва содда ўтказишда ҳеч кимда ирода, қатъият етмаяпти. Ёш оилалар ҳам айнан ана шу исрофгарчилик, замонсозликнинг қурбони бўлишаётир.
Сарпо-суруқ совуқчилик солар...
Элимизда сепли қиз бўлгунча, эпли қиз бўл, деган гап бор. Минг таассуфлар бўлсинки, келинлик остонасида турган қизлар «Сарпо харид» чоғида хархаша қиладиган ёш болага айланишади-қолишади. Бозор расталари оралаб бораётган келин бўлмиш қизларнинг савдо чоғидаги ҳолатини кўриб, ҳам куласиз, ҳам таъбингиз хира бўлади. Бўлғуси қайнона-қайнотадан тап тортишмай, «Унисини эмас, бунисини оламан!» деб оёқ тираб олишади. Қимматбаҳо буюмлару олтин-кумуш дўконларида машмашасини бошлаган келинчак-қизнинг беўхшов қилиқларидан хокисор қайнонанинг юраги зирқиррайди.
– Бунисига қўлимиз сал калталик қилди-я, қизим...
– Йўқса, кераги йўқ, қўяверинг, – тумшаяди келин-қиз.
Бўлғуси қайнона ноилож. Тўйни қайтариш шаштида ёнадию, яна шайтонга «ҳай» беради. Ҳарна бўлгандаям, ўша қимматбаҳо тошни сотиб олишга мажбур...
Қайсарлигу ўжарлик билан куёв томонни қақшатиб, ўзи истагандек кийим-кечагу тақинчоқларга безаниб, ёр остонасига келган келинчакнинг шоду хуррам, хушнуд онлари бир неча ой давом этади...
Тўйдан олдин келинчак бозорда ўз феълини «кўрсатиб қўйган»и учун қайнона ҳам тўйдан кейин «томоша»сини кўрсатиш пайига тушади. Бу ҳам етмагандек, турли витаминларга бой таомлар, мева-чевалар истеъмол қилиши лозим бўлган келинчакнинг ҳомиладорлик даврларида эри, қайнона-қайнотаси тўй қарзларини тўлаш билан банд бўлади. Натижа эса аён. Камқонлик, носоғлом фарзандларнинг дунёга келиши... Эр-хотин ўртасидаги қўйди-чиқдилар ёш оилани емиради-қўяди.
«Телба келин-куёв»
Шу ўринда, «Сарпо харид» чоғидаги кейинги бир томошани кузатиб, айрим ота- оналарнинг кимўзарчиликка берилиб, ёшларнинг орзу-ҳавасларига қарши чиқаётганларига ҳам гувоҳ бўласиз. Келин-куёв бўлмиш ёшлар ўқимишли. Янгиликка ўч. Китобу илмга берилишган. Уларга олтин-кумуш, қимматбаҳо кийим-кечакларнинг қизиғи йўқ. Бозорга икккаласиниям судрагудек олиб чиқишган.
– Бизга қарз-қавола қилиб, сарпо-суруқ қилманглар, илтимос.
– Одамлар нима дейди?! Ҳеч кимдан орқада қоладиган жойимиз йўқ. Керак эмас, керак эмас, дейсанлар, сенларга осмондаги ой керакми?!
– Йўқ, – дейишади бўлғуси оила соҳиблари ийманишиб, – бизга, яхшиси, арзонроқ бўлсаям, компьютер оберинглар.
– Бу сарполар пули ўнта компьютерингдан қиммат. Бўлмағур гапларингни қўй!
Ёшларнинг орзу-ҳаваси ҳавода қолди.
– Сарпо-суруқларимизга ҳеч бўлмаса, китоб қўшарсизлар, – дейишади ёшлар хуноб бўлишиб.
Китобга, илмга муҳаббати зиёда ёшларни кузатиб турганлар «Телба келин-куёв» дея уларнинг устидан кулишади. Тўғри, айримлар фикрича, улар илму китоб билан банд бўлишса, тирикчилигу бозорни ким қилади? Аммо, инсон дунёга келар экан, икки мақсад: Тирикчилик ва Бозор учун келмаган. Ёшлар истагандек сарпога китоб қўйилиши, шубҳасиз, оиланинг мустаҳкамлигини таъминлайди.
Айрим ёш қуда-андалар келин-куёвга обрў, дея тўй дабдабаси олди уларнинг турнақатор машиналарда шаҳар айланишларини таъминлаб қўйишади. Ёшлар ҳам шовқин-сурон, қулоқ пардаларини йиртиб юборгудек мусиқа садолари остида «кимўзарга етиб-олар» қилишиб, машиналар «ўйини» билан шаҳар кезишади. Кўчани тўлдириб, қийқириб-қувлашиб бораётган тўй кортежларида ҳайдовчилар ана шу вазиятларда инсонлар ҳаётини, умуман, ўйлашмайди. Дабдаба, ҳою-ҳавасга ҳирс авжининг охири кўпинча фожиа ёки кўнгил хираликлари билан якун топади.
Доду бедод...
Бир пайтлар тўй, деганда дийдор, суҳбат, камтарлилик, тежамлилик уйғун бўларди. Бугун эса – элу юртни овқату ароққа тўйдириш тушунилгандек, гўё. «Фалончи ака зўр тўй берди», «Писмадончи ажойиб ош қипти», «Тўй соҳиби базмда ароқни челаклаб қуйди-да, офарин!» – деб кекириб қўйишади. Кераксиз дабдаба, ота-оналарнинг ҳашамати, ёшларнинг ортиқча шўхлиги натижасида тўйларнинг мазмуни-шакли ўзгарди.
Бугун тўйхоналарнинг саноғи йўқ. Ҳатто, энг чекка қишлоқларгача тўйхоналар қад ростлаган. Бу бир жиҳатдан қулай бўлса-да, тўйлардаги файзу зийнатни, кўринишни йўқотди. Тўйхоналар фақат еб-ичиб, маст-аласт бўладиган, шовқин-сурон майдонига айланди-қолди. Карнай-сурнайу куй-қўшиқларнинг доду бедодидан одамлар ёнгинасидаги ошнаси билан гаплаша олмайди. Мусиқа карнайу махсус бақиртиргичларга уланган: қулоқлар том битиб қолади. Келин-куёв – ўзбек. Мусиқалар хорижона. «Маданиятли» қуда-андалар ўзаро келишган ҳолда 3-4 миллион сўм ортиқча харажат қилишиб, балетмейстрни ҳам таклиф қилишган. Тўрт томонга сакраб-айланаётган балетмейстр тўй тўрида эмас, давранинг бошидан-охиригача инглизча куйда вальсга тушаётган келин-куёвлар тез-тез «қистириб» қўядиган пулларни олиб қўйишни ҳам унутмайди. Санъаткорлар ҳам устаси фаранг бўлиб кетишган. Матни бузилган куй-қўшиқларга шунчаки лаб қимирлатиб туришдан чарчашмайди. Ўзбекча куй-наволар остида талаффузи номуносиб русча ёки инглизча қўшиқлар янграйди. Ҳар ким ўз-ўзи билан банд. Биров билан бировнинг иши йўқ. Муҳими, одамларнинг қорни тўқ, кайфи тароқ... қалби оч. Тўйларнинг, нафақат, мазмуни, балки шаклининг ҳам ўзгариб бораётганидан, ўзбек маданияти тўхтовсиз оммавий маданият хуружи остида қолиб бораётганидан юрак ачишади.
Бухоро амирлиги даврида тўй дабдабозлиги
«Бухоро амирлиги даврида ҳам тўйларни тартибга солиш бўйича амаллар бажарилган. Бундан 100 йил олдинги тарихимизга назар ташласак, Бухоро амирлигида ҳам дабдабали тўйлар ва маросимларни тугатиш кун тартибида турган муҳим ижтимоий вазифалардан бири бўлганлигига гувоҳ бўламиз. ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида тўйлар ғоятда ҳашамдор бўлиб, 7-8 кун давом этар, ҳар куни 6-7 хил овқат пиширилиб, таклиф қилинган меҳмонларга 5 қадоқ (410 грамм) дан 2 пуд (16 кг)гача қанд берилар ва чопон кийдириларди. Бундан ташқари, тўйларда кўпкарилар ташкил қилиш одат тусига кириб қолган эди, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Дилноза Жамолова. – Бухоро амири Олимхон (1910-1920) ҳукмронлиги даврида тўй-маъракалардаги исрофгарчиликлар ва дабдабабозликларни тугатишга алоҳида эътибор қаратди ҳамда тўйларни ихчам ўтказишга оид фармонлар қабул қилди. Жумладан, 1911 йил март ойида «Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида» фармон чиқарган. Унга кўра, тўйларда паловдан бошқа овқат берганларга 75 дарра уриш жазоси тайинланиб, суннат ва никоҳ тўйларида ташкил қилинадиган улоқ чопиш ва пойга тадбирлари бекор қилинган. Ушбу тадбирни ташкил этган шахс ўлим жазосига маҳкум этилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, бухороликлар тўйларига келган барча меҳмонларга зиёфатдан ташқари уларнинг ҳар бирига чопон бериш расми таъқиқлаб қўйилган».
Тарихчининг сўзига кўра, Амир Олимхон серхаражат тўйлар оилаларни иқтисодий фалокат ёқасига олиб келишини англаган ҳолда, бундай тўйларни бартараф этиш бўйича қатъий талабларни ишлаб чиққан. Натижада тўй кунлари қисқартирилган, бир хил овқат пишириш белгилаб қўйилган, чопон кийдиришлар кескин камайган, қанд тарқатиш тўхтатилган ҳамда кўпкарилар ўтказилмай қўйилган. Айрим амалдорларнинг порахўрлиги туфайли амир фармонига зид равишда ҳашамдор тўйлар ўтказиб турилган бўлса-да, оддий халқ бу фармонларни мамнуният билан қабул қилган.
Хулоса қилиб айтганда, орадан 100 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, бугунги жамиятимиз олдида ҳам тўй маросимларини тартибга солиш долзарб масала бўлиб турибди. Пандемия даврида эълон қилинган карантин вақтидаги камхаражат ва ихчам тўйлар ҳозирда яна дабдабали тус олмоқда.
«Шу ўринда президентимиз «Халқимиз пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсаларга айланиб қолмаслиги, тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топмаслиги зарур», деган фикрларини келтиришни жуда ўринли деб ҳисоблайман», - дейди Дилноза Жамолова.
Ҳа, биз хоҳлаймизми-йўқми, бугун эмас, эртага, албатта, тўй ўтказиш тартиблари ихчамлашиб, соддалашиб бораверади. Негаки, нархларнинг ўсиши, кундалик истеъмол молларга бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши кишини кўпроқ ишлашга, меҳнат қилишга ундайди. Одамлар ижтимоий ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англашлари учун имкон туғилади. Машаққатлар билан топган пулларини тўй-томошаларда ҳуда-беҳуда совуришдан сақланишади. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида»ги фармоннинг эълон қилинганига бир неча йиллар бўлди. Фармон ижросини таъминлаш амаллари, айниқса, қишлоқ жойларида ўз натижасини кўрсатган. Бугунги кунда «Ёшлар базми», «ЗАГС тўйи», «Фотиҳа тўйлари», «Чимилдиқ осар» маросимлари анчагина қисқартирилди. Шунингдек, тўйларда спиртли ичимликлар қўймаслик чоралари ҳам қатъий йўлга қўйилмоқда. Маҳаллаларда иқтидорли лапарчи аёллар, мусиқачилар гуруҳи ташкил этилиб, тўйларнинг қизиқарли ўтиши учун турли дастурлар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ортиқча ҳашамат, кўр-кўрона одатларни чеклаш ёшлар бахтли бўлишининг биринчи шартидир.
Айни куннинг мақсади ҳам шу: ўзига хос, миллий ўзбекона тўйларни жорий этиш. Миллий қиёфаси, мазмуни ва шакли ор-номус, покиза ва камтарона туйғулар билан мустаҳкам тўй-томошаларнинг ифтихоримизга айланиб қолишига не етсин.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter