Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қимор ўйинларини санъаткор тарғиб қилса жазоланадими?

Қимор ўйинларини санъаткор тарғиб қилса жазоланадими?

Скриншот.

Онлайн қимор бутун дунёни шиддат билан эгаллади. Шу боис бугун онлайн қимор ботқоғига тобора чуқурроқ ботиб бораётганлар кўпаймоқда. Нафақат ёшлар, балки катталар ҳам бу қармоққа илинмоқда.

Ўтган йили бот-бот мана шу онлайн қимор туфайли ҳатто ўз жонига қасд қилганларнинг хабарларига дуч келдик. Мосбет, 1хбет сайтлари блокланган, аммо унга қандай киришни тарғиб қилаётган вайнерлар, блогерлар бугун қонун олдида жавоб бериши белгилаб қўйилди. Яъни букмейкерлик, онлайн қимор рекламаларини тарқатувчиларни жавобгарликка тортиш бўйича ҳужжат имзоланди.   

Ҳар бир реклама ортида каттагина пул туради.  Онлайн қимор ўйналадиган сайтлар блоклангани билан уни реклама қилаётганлар блокланмаган эканлиги ва унинг ортида ҳали ҳамон фожеалар давом этаётгани ачинарли. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда жуда кўп марта бонг урилган. Масалан Facebook`даги Шермуҳаммад Акбаров, Дима Қаюм каби аккаунт эгалари юқори органлардан икки йилдан бери ўз саҳифасида онлайн қиморни реклама қилаётганларни назоратга олишни сўраган бўлса, «Халқ билан бўл», «Халқ назорати» каби катта гуруҳларда мана шу онлайн қимор орқали ўз жонига қасд қилган инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган ўйинлар ҳақида бир неча маротаба бонг урилган, одамлар бу ўйинларига ўзларининг салбий фикрларини билдиришган. Ва ниҳоят яқинда қимор ўйинларини реклама қилаётганларни блоклаш вақти келганини англаб етдик. Ачинарлиси бу ўйинларни қўшиқчиларимиз реклама қилаётгани.

Бу ҳақда тармоқ фойдаланувчиси Мирзоозод Мирзанеъматов ўз саҳифасида шундай ёзади: «Насафий деган битта йигитнинг гули, «Хейтерлар» қўшиғига олган клипи ҳам, Сардор Мамадалиев билан дуэт шаклида айтилган «Аканг кучайди», номли қўшиқ клипи Мосбет ва 1хБет каби букмейкерлик тармоқлари рекламасига бағишланган». Яна муаллифнинг иддаосича, уларнинг клипини икки миллионга яқин одамлар томоша қилишган. Бу клиплардаги дейди муаллиф кружка ва қизларнинг кийиб олган футболкаларидаги 1 хБет белгисига эътибор қаратинг.

Дарҳақиқат ҳар иккала клипда ҳам ушбу қимор ўйинларини ўйнасанг шоҳона ҳаёт кечирасан деган тарғибот бор. Клиплардаги ярим-яланғоч қизлар, ҳашаматли, меҳмонхоналар, сочилаётган хориж валютаси буларнинг барчаси мана шу ўйинни ўйнасанг худди шундай яшайсан деган маъно келиб чиқаради. Ҳаттоки Насафий тушган клипда катта ёшли одам болага танбеҳ беради, «бу юришингни, ўйин ўйнаётганингни ота-онанг биладими», деб, бола «ҳа», дейди. Шу орада бояги танбеҳ берган кишининг ҳам телефонига бир миллион ютдингиз қимор ўйинидан деган хабар келади...

Иккала қўшиқнинг ҳам тарғиботи айнан мана шу қимор ўйинларига бориб тақалади. Айни пайтда ИИБ вайнерлар,блогерларни назорат қилиш, уларни жавобгарликка тортиш ишларини бошлаб юборишди. Аммо блогердан, ҳам, вайнердан ҳам таниқлироқ ва одамлар эргашиши осон бўлган санъаткорларни ким тартибга чақиради? Уларнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги ушбу клипларини ким назорат қилади? Маданият вазирлиги эмасми? Айни шундай пайтда маънавият маърифат тарғиботчилари юқори органлардан шундай санъаткорлар ва реклама тарқатувчилар билан шуғулланишни сўраб мурожаат қилиши, амалда кураш бошлаши лозим. Акс ҳолда бу ўргимчак тўри кўпларни ўз тўрига ўрайди. Эси дарди пул топиш бўлганларни эса миллат келажаги, ёшлар фожеаси, одамларнинг ҳатто ўз жонига қасд қилиши мутлақо қизиқтирмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг