Қаҳрамон ўғилни ҳамон кутаётган муштипар она ҳақида мунгли ҳикоя
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «UZMOBILE» миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган танлов эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Танловнинг 4-йўналиши, яъни фототанловга бир юртдошимиздан келиб тушган сурат, тўғрироғи, унга берилган изоҳ бизни таъсирлантирди. Шу боис уни ўқувчиларимиз билан бўлишгимиз келди.
«Ёзилаётган ушбу сўзларни байрам табриги эмас, мен қолдираётган ушбу расмнинг қайдаражада қадрли эканига изоҳ деб қабул қиласиз. Ушбу изоҳсиз танловда мен томонимдан қўйилаётган расм энг оддийси бўлиб қолади.
Расмдаги онахоннинг исмлари Мунисхон ая Аширова. Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Халқобод қўрғонида яшайдилар. Бу маълумотни ўқиб ҳам оддий расм деяпсиз, а?
Расмдаги аёл Шермуҳаммад Ашировнинг онаси. У аёлни ҳамма билади, ҳамма ҳурмат қилади. Ҳалиям фикрингиз ўзгармадими?
Расмдаги онахон 2000 йил 19 август санасида эндигина 25 ёшга тўлган, навқирон ўғлини тупроққа қўйган онахон. Яна ҳам аниқроғи, ўғлининг танасини эмас, унинг куйиб кулга айланган тупроғини қабрга қўйган аёл...
Унга кўп таъриф бериш мумкин. Яхшиси, сизга бир воқеани сўзлаб берай, таърифни ўзингиз берасиз.
2000 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига бир гуруҳ жангари террористлар ҳужум қилади. Ватан учун хизматга шай бўлган Шермуҳаммад Аширов ва унинг қуролдош дўстлари Ватан олдидаги бурчини бажариш ва ўз Ватанини ҳимоя қилиш учун уларга қарши жангга киришади. Тоғ тепасига яшириниб олган ва ўша ерда қўним топган жангарилар ҳақида маълумотни олган 18 аскар ҳарбий вертолётга чиқиб, уларга ҳужум қилишга отланади. Йигитларимизга йўл кўрсатадиган «йўлбошчи» ҳам «тайёр»: одам қадами етмаган жойларга яширинган жангариларни эшаги билан бирга нон ва егуликлар билан «таъминлаб» турган сотқин қария. Вертолётни Шермуҳаммад Аширов бошқаради ва ҳавога кўтарилиб, қарияни кузата бошлашади.
Жангарилар вертолётнинг ўзларига яқинлашаётганини кўриб, унга ҳужумга ўтишади ва вертолётни нишонга олишади: ҳаводаги вертолётнинг орқа паррагига ўқ келиб тегади. Вертолёт тоққа қулай бошлайди. Вазиятни тушуниб турган Шермуҳаммад Аширов, ўзи билан бирга бўлган қуролдошларининг барчасини вертолётдан парашютда сакрашларини сўрайди ва ўзи вертолётни бошқариб туриб, энг охирги бўлиб сакрашини айтади. Пастдан душман ҳужуми давом этмоқда. 18 ҳарбий сакрагунча, вертолёт қояга яқинлашиб қолади ва Шермуҳаммад энг охирида қолиб кетган техник ходимга ҳам сакрашини айтади. Қояга бир неча метрлар қолганида, техник ходим сакрайди. Вертолётдагиларнинг барчаси сакраб бўлганига ишонч ҳосил қилган Шермуҳаммад Аширов сакраш учун ҳаракат қилади. Ўрнидан турмоқчи бўлганида, оёғи вертолётнинг қайсидир қисмида қисилиб қолади ва оёғини чиқариш учун ҳаракат қилади, лекин афсуски кучи етмайди...
Қутқарувчилар етиб келганида вертолёт қояга урилиб, жарликка қулаган эди. Шермуҳаммад Аширов душман томонидан отилган ўқлар сабаб кабинада қолиб кетган ва вертолётда чиққан ёнғин сабаб танаси кулга айланган эди. 2000 йил 19 августда Мунисхон аяга фарзандининг вафоти хабарини етказишади...
Мана ўн етти йилдирки, онахон уйидан ҳарбий либосда чиқиб кетган ўғлини кутади. Мана ўн етти йилдирки, фарзанди вафот этган вақтида ундан ортда қолган, лекин отасини кўришга улгурмаган ўша пайтдаги бир ярим ёшли қизалоқ — бугун 19 ёшга кирган ўғлига қуйиб қўйгандай ўхшайдиган набираси билан овуниб кенжатойини кутади.
Ҳа, суратдаги менинг ёнимда турган она — Қаҳрамон она, Матонатли она! Ўғлининг вафот этгани ҳақида хабар келганига 17 йил бўлган бўлса ҳам, ҳалигача ўғлининг келишини кутаётган она! Кўчадан уни йўқлаб ёки ўғлини хотирлаб келадиган ҳар қандай инсонни «Ўғлим!» деб қучоқ очиб кутадиган, ўша меҳмондан ўғлининг сифатларини излаётган она!
Ҳа, Мунисхон ая расмдаги мен қўлимда портретини ушлаб турган алпқоматли йигитни дунёга келтириб, миллат қаҳрамони қилиб тарбиялагану бугун ўғлини кутавериб дард чекиб, чўкиб, ҳассага таяниб қолган она!
Гарчи учувчилиги сабаб вафот этган бўлса-да, ўғлининг 3-4 ёшларида учувчининг бош кийимида суратга тушганини кўрсатиб: «Ёшлигидан учувчи бўлишни хоҳларди» деб кўзида ёш, ичида алам билан мақтаниб қўяётган она!
Бугун онахон билан кўришиб, фарзандларини хотирлаб, хайрлашар эканман, Мунисхон аянинг кўзларида ёш билан ҳассага таяниб айтган бир гаплари миямга ўрнашиб қолди. Гарчи бу сўзларни аввал ҳам кўп эшитган бўлсамда, бугун ўша гапга кўпроқ эътибор қаратдим: «Онага фарзанд доғини кўрсатмасин экан!»
Соҳиб Эгамов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter