Қадринг баланд бўлсин, Она тилим!
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлганлиги ҳамда «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, Она тилим!» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда вазирлик марказий аппарати департамент, бошқарма ва бўлимлари ходимлари бевосита, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, тизимдаги корхона ва ташкилотлар вакиллари видеоконференсалоқа кўринишида иштирок этишди.
Давра суҳбати аввалида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов қаламига мансуб «Она тилим ўлмайди» шеъри Вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида тайёрланган видеролик тарзида намойиш этилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев вазирликда давлат тилини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар, хусусан, иш юритиш тизими тўлиқ давлат тилида йўлга қўйилганлиги, «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» тайёрланлиги, Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот тизимларининг давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги, Вазирлик ходимлари мунтазам равишда давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатларни олиш бўйича тест синовларида иштирок этиб келаётганлиги, шунингдек, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги филиалларига доимий равишда ўқиш учун юборилаётганлиги тўғрисида маълумотлар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти масъул ходими Рустам Турсунов ўзбек тилининг пайдо бўлиш тарихи, ривожланиш босқичлари, юртимизда ўзбек тилининг нуфузини яна-да ошириш, давлат тилини ривожлантириш, вазирлик ва идораларда иш юритишни тўлиқ давлат тилида ташкил қилиш, ўзбек тилининг имкониятлари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Филология фанлари доктори, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов марказ томонидан олиб борилаётган ишлар, давлат тилида иш юритишга ўқитиш масалалари, ушбу йўналишда яратилган шарт-шароитлар, нафақат давлат тилида иш юритиш, балки бошқа миллат вакиллари, шунингдек, хорижликлар учун ўқув курслари мавжудлигини маълум қилиб, бугунги кунда ўзбек тилини ўрганишга бўлаётган катта қизиқиш пайдо бўлганлигини, ҳатто чет давлатлардан ҳам бу борада мурожаатлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Эминов Жамғарма томонидан ўтган даврда нашр қилинган давлат тилига оид китоблар хусусида тўхталиб, бугунги кунда Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги «UNICON.UZ» ДУК томонидан тақдим қилинган лойиҳа устида лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганлигини, вазирлик томонидан тайёрланган «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» яқин бир ой ичида чоп этилишини ва ушбу луғат нафақат вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар, балки республикамиздаги барча ташкилотлар учун зарур қўлланма бўлишини қайд этди.
Давра суҳбати сўнгида қатнашчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter