Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пуллар қайси чўнтакда: одамни билиш санъати

Пуллар қайси чўнтакда: одамни билиш санъати

Фото: Xabar.uz

Инсоннинг феъл-атвори ва ички дунёсини қандайдир руҳий тестлардан кўра, унинг пулга муносабати кўпроқ очиб беради. Мутахассислар мазкур жараённи ўрганиб, пул ва одамлар табиатидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни аниқладилар. Шундан келиб чиқиб, пулга қай тарзда «мурожаат» қилишингизга кўра, феъл-атворингиз, дунёқарашингиз, иззат-нафсингиз, ҳаракатингиз, белгиларингиз ва шу кабиларни бехато айтиб бериш мумкин.

Ҳар бир одам пулга турлича муносабатда бўлади. Кимдир ўзи билан пул олиб юрмай, тўловлар учун кредит карточкасини маъқул кўради. Нақд олди-сотдини хушламайдиган бундай ёндашув унинг эгаси пулни иркит ҳисоблаб, виртуал тартибда ҳисоблашишини ёки кредитдан доимий фойдаланиш бошқаларда у ҳақида бой-бадавлат инсон сифатида тасаввур уйғотишини ўйлашини англатади.

Юқоридагига зид ўлароқ, пулларини нақд маблағ сифатида ишлатишни лозим кўрадиган одам эса эркин, мустақил табиатга эгалиги билан ажралиб туради. Бундай инсон учун ҳеч кимдан сўрамай катта харидлар қилиш ёхуд тўсатдан ғойиб бўлиш, аниқроғи, ўз жойидан хоҳлаган вақтда кетиб қолиш каби имкониятларни ҳис этиш жуда муҳим. Ажабланарлиси, бу тоифа кишилар билан бир вақтда пулларини доимо ёнларида олиб юрадиганлар ўз кучларига унчалик ишонмайдиганлар. Пуллар улар учун муҳим аҳамият касб этиб, қудрат тимсоли сифатида тасаввур қолдиради.

Ўзига ишончсизлик, нотавонлик ҳисси зич маҳкамланган кўкрак чўнтагида пул олиб юрадиганларга ҳам хосдир. Ҳиссиётли, ташвишга бериладиган, бадгумон бундай одамлар атрофидаги оламдан гўё шу тариқа муҳофазаланади, яъни улар учун пуллар ўзига хос қалқон вазифасини ўтайди (Самюэль Лепастье тадқиқоти).

Орқа чўнтагида пул олиб юрадиганларни эса (Лепастье изланишларидан фарқли ўлароқ), руҳшунослар манфаатпараст бўлмаган, мутлақо сахий шахслар ҳисоблашади. Улар онгли равишда пулларга кўзлари тушишини хоҳламайди, моддий масалаларни иккинчи даражада кўради.

– Пуллар билан мураккаб муносабатлар уларга нисбатан бепарволикни намоён этади, – дейди россиялик руҳшунос-маслаҳатчи Мария Белих. – Бироқ бундай одамлар пулни қадрламайди, дейиш хато. Пулларга қаратилган қаҳр-ғазабни маблағнинг ниҳоятда камлиги билан изоҳлаш мумкин. Ахир, пулларни ғижимлаб, эзғилаб, уларнинг ҳажмини хаёлан кўпайтирган бўламиз. Шунинг учун катта-катта пуллар қўлга тушганда ҳам ҳеч ким уларни ғижимлагиси келмайди.

Аксарият одамлар нақд пулларини ҳамёнда ёки чарм кармонда олиб юришади. Худди 1-тадқиқотда қайд этилганидек, бундайлар пулга ўзгача ҳаяжон, тўлқинланиш билан муносабатда бўлади, маблағ жамғариш уларга алоҳида қувонч бахш этади. Ҳамён худди «уй» каби пулларни кўнгилсизликлардан ҳимоя қилади, уларни ишлатиб юборишдан сақлайди. Ҳамёнлар, шунингдек, ўз эгасининг нуфузини ҳам белгилайди.

– Умуман айтганда, пулга ва моддий қийматларга муносабат эрта болаликдан бошланади, – дейди россиялик шифокор-психотерапевт Оксана Дерен. – Шундай экан, гўдакнинг ўзини тутишига қараб, келажакда пулга қай тарзда муносабатда бўлишини олдиндан айтиш мумкин. Масалан, ўжар бола зиқна, дунёпарастликка мойил бўлиб ўсиши эҳтимолга яқин, гапга кирадиган, мўмин-қобил болалардан эса саховатли инсонлар етишиб чиқади.

Шуниси ҳам аниқланганки, одамларнинг пулга муносабати уларнинг маданий даражаси, маълумоти, ижтимоий келиб чиқиши ва менталитетига боғлиқ. Масалан, ғарб одами учун пуллар – энг муҳим нуқта, уларнинг пулга муносабати бошқа ўлка одамларидан мутлақо фарқ қилади.

Айрим мамлакатларда пул жамғаришга унча аҳамият берилмаса, ғарбда бу ишга қандайдир муқаддас деб қаралади. Улар қашшоқликдан ниҳоятда қўрқишади, шунинг учун қора кунга деб астойдил жамғарган ва мерос қолдирадиган ўз ҳисобларидаги маълум миқдорни меъёрий ҳаёт кафолати ҳисоблайдилар.

Хуллас, одамлар ва пулга муносабатни ўқиб чиқдингиз. Энди, марҳамат қилиб, сиз қандай одам эканлигингизни билиб олаверинг!

А.Фатҳуллаев

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг