Прокурорлар масъул секторларда нима гаплар?
Ҳудудлар рамзий тарзда тўртта секторга бўлиниб, ҳар бирига тегишлшича ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва ДСИ раҳбари масъул этиб қўйилганидан хабарингиз бор. Бугунга келиб, улар ўртасида хос рақобат пайдо бўлиб, кўп ҳолларда улоқ прокурор масъул секторларда кетаётганини биров билар, биров билмас...
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ўтган қисқа давр мобайнида прокурорлар секторлари томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаб келаётган муаммолар ечимини топиш ва ижобий ҳал этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилиб келмоқда. Жумладан, пандемия шароитида прокурорлар секторларидаги 149.911 та эҳтиёжманд оилага 7 млрд сўмлик озиқ-овқат, 380 млн сўмлик дори-дармон, 12.9 млрд сўмлик чорва, 6.6 млрд сўм пул маблағлари тарқатилди.
Иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қурилиш комплексларидаги лойиҳалар доирасида ҳамда расмий ўзини ўзи банд қилиш ва бошқа фаолият турлари бўйича 124.844 нафар эҳтиёжманд оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланди.
Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида ижтимоий аҳволи яхшиланганлиги сабабли прокурорлар секторларидаги 72.451 та (48,3 %) эҳтиёжманд оила маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари асосида тегишли рўйхатлардан чиқарилди.
Секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан-кунга ортаётганлиги эса, уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Ушбу мақсадда, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида секторлар фаолияти билан боғлиқ вазифалар ижроси учун масъул бўлган мазкур ҳудудлар прокурорларининг катта ёрдамчиси лавозими жорий этилди.
Жорий йилнинг 31 октябрь куни Бухоро шаҳрида бевосита секторлар иши учун масъул бўлган катта ёрдамчилар иштирокида Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари билан ҳамкорликда «Пандемия шароитида ҳамда яқин истиқболда секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги долзарб вазифалар» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда аҳолини қийнаётган муаммолар билан ишлаш тизими ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, прокуратура масъул ходимларига секторлар олдига қўйилган асосий вазифалар, saxovat.argos.uz сайти билан ишлаш тартиби, секторларда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»нинг юритилиши, уларга эҳтиёжмандлар, ёшлар ҳамда аёлларни киритишнинг мезонлари, кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича тушунтирилди.
Тадбир баҳс-мунозара руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Тадбир иштирокчилари Бухоро вилояти туман ва шаҳарлари 2-секторларида ҳам бўлиб, янги ва муҳим вазифаларни амалга ошириш механизмлари билан бевосита танишдилар ҳамда ўзаро тажриба алмашдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter