Президент Марказий ҳарбий клиник госпиталга ташриф буюрди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 13 январ куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталини бориб кўрди.
Илгари бу шифохонинг бинолари ҳам, иш услуби ҳам эски эди. Давлат раҳбари 2018 йилда бу ерга келиб, уни реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш бўйича топшириқлар берган эди. Шу асосида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Тиббий ускуна ва жиҳозлар янгиланди. Бошқарувда клиник менежмент жорий этилди.
Госпитал жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Шунингдек, бошқа беморларга ҳам пуллик хизмат кўрсатилади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.
Хусусан, жарроҳлик бўлимлари учун 8 қаватли янги бино барпо этилган. Давлатимиз раҳбари ундаги шароитлар билан танишди. Бундай шифохоналарни ҳудудларда ҳам ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ҳарбийлардан ташқари спортчилар ва аёлларни даволаш бўйича тавсиялар берилди.
Таълим билан амалиёт боғлиқлиги ҳам самарали йўлга қўйилган. Илгари бундай мутахассислар Тошкент тиббиёт академиясининг Ҳарбий тиббиёт факултетида тайёрланар эди. Президентнинг 2020 йил 22 октябрдаги «Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мазкур факултет негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси тузилди.
Аҳамиятлиси, ушбу таълим маскани Марказий ҳарбий клиник госпитал ёнида қурилди. Президент бу ердаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Академия 250 нафар талаба ва тингловчига мўлжалланган. Бу ерда бўлажак ҳарбий шифокорлар ўқитилади ҳамда тиббиёт ходимлари қайта тайёрланади. Ўқув биносида 2 та факултет, 5 та кафедра, 2 та марказ, институт ва маъмурият жойлашган. Хоналарда ўқув ва машғулотлар учун барча шароит яратилган. 186 ўринли ётоқхона ҳам бор.
Давлат раҳбари академиядаги таълимнинг мазмунига алоҳида аҳамият қаратди.
«Бино ва шароитлар яхши, лекин бу ишнинг бошланиши. Энди асосийси ҳарбий тиббиётнинг мазмунини, моҳиятини тушуниб, ўқишни тўғри йўлга қўйиш керак. Бунинг учун хориж тажрибаси асосида педагогик, илмий ва амалий тизим яратиш зарур. Бу тизим бошқа тиббиёт олий ўқув юртларига муқобил ва рақобатчи, битирувчилар ўз йўналиши бўйича намуна бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Академияда хорижий бошқарувни жорий этиш, илк битирувчиларни Туркия ва Жанубий Корея каби мамлакатларга малака оширишга юбориш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter