Пўлат Бобожоновнинг Қашқадарёга ташрифи: лоқайд раҳбарлар ишдан олинди
Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 23-26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижроси аҳволи билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларида батафсил ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди ҳамда уларнинг якуни бўйича ҳар бир таркибий тузилма ва ходимлар фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Ўрганишлар давомида жойларда соҳавий йўналишларида мавжуд камчилик ва муаммолар, улар келиб чиқишининг туб сабаблари аниқланди.
Ички ишлар вазири Қарши, Китоб, Касби, Қамаши, Нишон, Шаҳрисабз туманлари ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлимлари, ушбу шаҳар ва туманлардаги ички ишлар органлари таянч пунктлари, вилоят ички ишлар бошқармаси Қўриқлаш, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ва ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.
Хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаровлар, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Бахромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов, ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризакуловлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Шунингдек, кадрлар билан ишлаш соҳасида шахсий таркиб билан касбий тайёргарлик ва тарбиявий ишларнинг тизимли ва самарали ташкил этилишини таъминламаганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Турсункулов ҳамда қўл остидаги ходимлар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги оқибатида улар томонидан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Э.Қурбоновларга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter