Пиёда юргани учун ҳамёнини 1 миллион 800 минг сўмга бойитди
Шу йил 10 майдан бошлаб юртдошларимиз орасида юриш ва югуришни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформаси тест режимида ишга туширилган, 1 июндан бошлаб расман фаолият бошлаган эди.
Платформада республикамиз бўйича туманлар кесимида 203 та ғолиб аниқланди.
Умумий ҳисобда платформадан 27 482 нафар юртдошимиз рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 20 774 нафари эркаклар, 6 658 нафари эса аёллардир. Ҳолбуки, Ўзбекистонда 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар сони 21 475 989 нафарни ташкил қилади.
2021 йилнинг июнь ойи якунига кўра, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Тимур Рафикович Ахмадуллин ғолиб, деб топилди ва 1 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди. Дарвоқе, Ахмадуллин нафақат республика, балки туман ва ҳудуд кесимида ҳам ғолиб чиққанлиги боис, ўзининг электрон ҳамёнини 1 миллион 800 минг сўмдан кўпроққа бойитиб олди. Бунинг учун у июнь ойи давомида жами 890 947 қадам масофани пиёда босиб ўтишига тўғри келди.
Умумий ҳисобда июнь ойида «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформасининг туман, ҳудуд ва республика босқичи ғолибларига 68 миллион 900 минг сўм миқдоридаги маблағ мукофот тарзида тўлаб берилди. Шундан 60 900 000 сўм 203 та туман босқичи ғолибларига, 7 000 000 сўм Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари ғолибларига ҳамда яна 1 миллион сўм республика миқёсида энг кўп юрган юртдошимизга мукофот тариқасида тўлаб берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter