Пилла — оғир меҳнат. Ундан келаётган даромад кишиларни қониқтирадими?
Жорий йилнинг 19 май куни 40 мингга яқин бухоролик пиллакорларнинг 2 минг 700 тоннадан ортиқ «кумуш тола» тайёрлаб, Бухоро вилояти мамлакат миқёсида биринчилардан бўлиб, режани амалга оширгани маълум қилинди.
«Xabar.uz» мухбири бир ойлик оғир меҳнат эвазига ипак қурти боққан хонадонларнинг қанча даромад топгани билан қизиқди.
Маълум бўлишича, вилоят бўйича 46 минг 467 қути ипак қурти парвариш қилиниб, етиштирилган ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинган.
Мавсум бошида «Агробанк», «Микрокредитбанк», «Қишлоққурилишбанк», «Капиталбанк» вилоят филиалларининг моддий қўллаб-қувватлови туфайли ипак қурти уруғини тарқатиш жараёнида 40 минг ипак қурти боқувчисига умумий қиймати 23 миллиард сўмдан ортиқ аванс, яъни бўнак пули берилган. Бу ҳар бир пиллакорга 500 минг сўмдан тўғри келади.
Хўш, бу маблағ хонадонни қаноатлантирадими?
«Йўқ, албатта. Аммо бу ҳар бир киши меҳнатини қадрлаган ҳолда олдиндан рағбат сифатида берилган бўнак. Ромитан туманида яшайман. Икки келиним ва мен 3 қути ипак қурти боқдик. Тўғри, меҳнати оғир, аммо даромади яхши. Ишлаймиз-да! Тун ярмидаям туриб, ипак қуртларидан хабар олиш, уларни озиқлантириш керак, турли ҳашаротлардан, совуқдан асраш керак. Ўрни келганда, худди боламизга қарагандек қараймиз-да (кулиб). Чунки унинг ортидан фарзандларимизни боқамиз. Аслида, ҳар бир қутидан 60 килограммгача пилла етиштириб беришимиз керак эди. Бироқ, ҳар бир қутидан 85-100 килограммгача пилла олишга эришдик. Ва хонадонимизга 10 миллионга яқин моддий даромад кирди», — деди ипак қурти боқувчиси Ҳабиба Чориева.
Ҳабиба Чориеванинг айтишича, у «Темир дафтар»га киритилган оилалардан бири. Йил давомида пахта терими ҳамда ипак қурти боқиш орқали оиласини тебратади.
Маълум бўлишича, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 110 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Шундан 19 870 нафари пилла ҳосили етиштириш мавсумига жалб этилган.
«Режадан ташқари қабул қилинган пилланинг ҳар килограмига тарози бошида қўшимча равишда 40-45 минг сўмдан мукофот пуллари берилган. Бу 40 мингдан ортиқ аҳолининг ҳар бирининг хонадонига 8-9 миллионга яқин даромад кирди, дегани. Бугун хирмонда саранжомланган ялпи ҳосилни қайта ишлаш ҳисобидан 850 тоннадан ошиқроқ ярим тайёр ипак маҳсулоти ишлаб чиқарилади ва экспортга йўналтирилади. Пиллачилик мавсумининг учинчи ва тўртинчи босқич парваришини ўз ичига олган август–сентябрь ойларида агрокластерлар ва улар таркибидаги касаначилар кўмагида вилоятда 6 минг 970 қути ипак қурти боқилади ва ундан 400 тонна атрофида пилла ҳосили етиштирилади. Бунга эса 100 мингдан ортиқ ипак қурти боқувчилари жалб этилади», — деди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter