Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пастдарғомда ит эгасини қачон топади?!

Пастдарғомда ит эгасини қачон топади?!

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» порталига Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, туман тиббиёт бирлашмасида дайди итлар «уя» қуриб олган. Бу ҳолатни бартараф этишга эса масъуллар бефарқ ва беписанд.

Фото: «Xabar.uz»

«Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси (марказий шифохона) қабул бўлимига яқинлашар экансиз, дайди итлар галасига йўлиқасиз, ҳа, айнан дайди итлар кутиб олади сизни», деб бошланади мурожаат.

Бу хавотирли ҳолатга ҳар куни қабул бўлими ёнидаги туғруқ бўлимига ташриф буюрувчи ҳомиладор аёллар, оғир ҳолда шошилинч ёрдам бўлимига олиб келинган беморлар дуч келишга мажбур. Бу тасодифий ҳолатми, деб бирлашма ҳовлисини айланарканмиз, «юқумли касалликлар» бўлими ҳовлисида, «болалар» бўлимининг майдончасида ҳам итлар изғиб юрганига гувоҳ бўлдик.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Айни фасл — дайди ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги авж оладиган мавсум эканини ҳисобга олсак, бу ҳолатнинг нақадар хавотирли эканини ортиқча таърифлашга ҳожат қолмайди. Тиббиёт бирлашмаси ходимларига мурожаат қилинганида, улар дайди итларни тутиш, туман ободонлаштириш бошқармасининг вазифаси эканини, бошқарма бошлиғи эса, бу чақирувларга беписанд эканини билдиришди. Биз ҳам ўша ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи телефон рақамига уланиб, вазиятни яна бир бор маълум қилишга қарор қилдик. Бошлиқ суҳбатни бошиданоқ, бу каби майда-чуйдалар билан бошимни қотирманглар, деб дуқ урди. Маълум бўлишича, бошқарманинг дайди итларни тутиш отряди ҳам, машинаси ҳам бор экану, аммо вақти йўқ экан.

— Улар пахтада, бир дақиқа ҳам вақти йўқ, — деди бошлиқ. — Менга тиббиёт бирлашмаси бошлиғи расмий хат билан чиқса, кейин ўйлаб кўраман.

Оддий одамларнинг мурожаати билан эса, у кишининг иши йўқ экан. Аслида махсус машинага ва ходимларга эга ўша бўлим, тумандаги барча маҳаллаларга, ташкилот, муассасаларга ўз эълонларини жойлаштириб, фаол хизмат кўрсатиш орқали  фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак эмасми? Бошқарманинг махсус машина ва бошқа моддий техникалар билан таъминлангани, уларга сарфланаётган харажатлар, «Дайди итларни тутиш» отряди ходимларининг ойлик маоши нима учун тўланмоқда унда? Бошлиқ айтганидек, «майда-чуйда» ишлар билан шуғулланмас экан, туман тиббиёт бирлашмасидаги дайди итлар билан боғлиқ жиддий, нохуш ва хавфли ҳолат сақланиб қолаверади.

Таҳририятдан: Таассуфки, бу Пастдарғом туманидаги дайди итлар билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Ёдингизда бўлса, ёз фаслида дайди итлар мазкур туманнинг бозорини «эгаллашганди». Масъуллар бефарқ қолаверар экан, энди итлар галасининг навбатдаги ҳужуми қайси масканларга бўлади: мактабларгами, боғчаларгами?..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг