«Ўзсувтаъминот» Сирдарё вилояти ҳокими берган маълумотни инкор этди
Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаатида ичимлик сув тармоқлари учун ажратилган 7 миллион доллар талон-торож бўлганини маълум қилганди.
Бироқ, «Ўзсувтаъминот» АЖ баёнот билан чиқиб мазкур маълумотни инкор этди.
Айтилишича, 2016 йил 23 август куни «Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган.
Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг «Alke Insaat Sanayi ve Ticaret» компанияси ғолиб деб топилди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 млн. 310 минг доллар пул ажратилган. Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 млн. 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 млн. 060 минг доллар ажратилган.
Ушбу маблағлар талон-тарож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи «Мега-Мебико» қўшма корхонаси билан биргаликда «Сирғали» сув иншоотидан Ховос туманининг «Оқчангал» аҳоли яшаш пунктигача 28 км масофага диаметри 700 мм бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019-йилнинг июн ойида тугатилди.
Бироқ, бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти, дейилади баёнотда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда:
- биринчидан, шиша толали қувурларни полиэтилен қувурларга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда;
- иккинчидан, мазкур обйект «Ўзсувтаъминот» AЖ балансида турмаётганлигига қарамасдан, аксиядорлик жамияти мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда;
- учинчидан, аксиядорлик жамияти пудратчи ва қурувчи ташкилотларга қувурлардаги ҳаво чиқариш ускуналарини янгисига алмаштириш ишларида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда;
- тўртинчидан, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter