Ўзига хос рекорд: 2017 йил авиация соҳасидаги энг хавфсиз йил бўлди
Расман авиация транспорти дунёдаги энг хавфсиз транспорт тури ҳисобланади, 2017 йил эса фуқаро авиацияси тарихидаги энг хавфсиз йил бўлди. Бу ҳақда авиация ҳалокатларини ҳисоблаб борадиган «Авиация хавфсизлик тармоғи» (Aviation Safety Network) сайти хабар тарқатди.
Сайтнинг маълум қилишича, фуқаро авиацияси йўналишида 2017 йили жами 10 та авария юз берган ва жами 44 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган. Таққослаш учун: 2016 йили жами 16 та авария юз берган ва жами 303 нафар инсонни ҳаётдан олиб кетганди.
«Авиация хавфсизлик тармоғи»нинг аниқлик киритишича, статистикага фақат инсонларни ташийдиган тижорат самолётлари ҳамда 14 киши ва ундан ортиқ инсонларни ташишга мўлжалланган юк ташувчи самолётларгина киритилган. Шу сабабдан бу рўйхатга 7 июнда юз берган ва 122 кишининг ҳаётига зомин бўлган Бирмадаги ҳарбий самолётнинг ҳалокати киритилмаган.
Агар фуқаро авиацияси ва ҳарбий авиация соҳаларидаги жами ҳалокатлар қўшиб ҳисобланса, ҳалокатларнинг умумий сони 24 тага ва ҳаётдан кўз юмганларнинг сони 230 нафарга тенг бўларкан. Шунга қарамасдан, 2017 йил авиация тарихидаги энг хавфсиз йил бўлиб қолаверади.
«Авиация хавфсизлик тармоғи»нинг маълумотига кўра, 2017 йили жами 36,8 миллионта парвоз амалга оширилган ва ҳалокатларнинг оқибатида ўртача ҳар 7,360 та парвозга битта ўлим ҳолати тўғри келган.
Кириб келган 2018 йил ва навбатдаги йилларда мазкур рекорд ижобий томонга янгиланиб, ҳалокат ва жабрдийдалар сони янада камайиб боришига умид билдирамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter