«Ўзгидромет»: сентябрь ойида ҳаво салқин бўлиши кутилмоқда
«Ўзгидромет» юртимизда сентябрь ойида қандай об-ҳаво кутилиши мумкинлиги хусусида маълумот бериб ўтди.
Сентябрь — кузнинг биринчи ойи, бироқ бу ой Ўзбекистонда об-ҳаво шароитларига кўра кўпроқ ёзни эслатади, фақат ҳарорат фони бирмунча қулай.
Иқлимий меъёрларга мувофиқ Ўзбекистонда сентябрь ойи йилнинг энг қуруқ ойларидан бири ҳисобланади. Ёғинлар жуда кам бўлиб, ой давомида ўртача 1-3 марта ёмғир ёғиши мумкин, уларнинг миқдори эса ўртача июл ва август ойларидагига қараганда салгина кўп — текислик ҳудудларда 2 мм дан 6 мм гача, тоғли жойларда 10-20 мм гача этади.
Ойнинг биринчи ярмида кундузги ҳаво ҳарорати одатда 30-33 даража атрофида, ойнинг иккинчи ярмида эса 26-29 даража атрофида бўлади. Энг илиқ сентябрларда айрим кунлари термометр устунчаси 35-39 даражагача кўтарилади. Совуқ ҳаво оқимлари кириб, кундузги ҳарорат 22-25 даражагача тушадиган, баъзан эса ундан ҳам паст бўладиган ҳолатлар камдан-кам кузатилади, ва бундай совуқ даврлар қисқа муддатли бўлади.
Бироқ бу йил сентябрь ойи бизни салқин ҳаво билан қарши олади. Август ойининг сўнгги кунларидан ҳарорат 27-32 даражагача пасаяди, сентябрнинг илк кунлари жуда иссиқ ёз «айбини» юмшатиб ҳарорат кечаси 12-17 даражагача, кундузи 23-28 даражагача тушади, бу шу давр учун хос бўлган иқлимий меъёрлардан 4-6 даражага пастдир.
Булутлар ҳам кўпайиб, 1 сентябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида, 2 сентябрда Фарғона водийсининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Об-ҳавонинг бундай ўзгаришлари Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳавонинг кириб келиши билан тушунтирилади.
Ҳарорат кечаси 12-17 даража, кундузи 25-30 даража бўлган нисбатан салқин об-ҳаво республикамизда сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида сақланиб туради.
Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечаси 12-17 даражадан 7-12 даражагача, кундузи 28-33 даражадан 21-26 даражагача ўзгариб туради. Айрим кунларда қисқа муддатли кучсиз ёмғир ёғиши мумкин. Умуман олганда, кузнинг биринчи ойидаги об-ҳаво иқлимий меъёрлар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter