Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги янги доимий вакили иш бошлади
22 август куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Лапасов БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Бош котиб Шавкат Мирзиёев бошчилигида жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзгаришларни амалга оширишда, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда БМТ Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини ҳамда БМТ орқали бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилди.
Ушбу тайинловга қадар Улуғбек Лапасов Ўзбекистоннинг БМТ ваколатхонаси ва Женевадаги (Швейцария) бошқа халқаро ташкилотларнинг доимий вакили лавозимида ишлаган.
Қайд этилишича, Улуғбек Лапасов 2017 йилнинг май ойидан бери Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Ибрагимов ўрнини эгаллаган.
2019 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Ўзбекистон биринчи марта навбатдаги сессия раисининг ўринбосари этиб сайланди, унинг вазифасини Бахтиёр Ибрагимов мамлакатимизнинг доимий вакили сифатида БМТ бош Ассамблеясининг 74-сессиясида 2019 йил сентябрдан 2020 йил сентябргача бажарди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter