Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади

Ўзбекистонда вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади

Фото: «Xabar.uz»

Айни вақтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаат қилмоқда.

Унда давлат раҳбари камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилишини маълум қилди.

«Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Нима учун биз «темир дафтар»ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш.

Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган «Ижтимоий реестр»да «темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда.

Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

Ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқсин...

Ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади», — деди президент.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг