Ўзбекистонда соат 21:00дан кейин алкогол сотилишини тақиқлаш ҳақида қарор лойиҳаси тайёрланди
Ўзбекистонда соат 21:00 дан 09:00га қадар алкоголли маҳсулотларни сотиш, кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, эндиликда алкоголли маҳсулотларни қуйиб савдо қилиш фақат умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси асосида амалга оширилади.
Кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига:
- савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш;
- уч ой муддатда алкоголли маҳсулотлар савдо қилинадиган савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарини техник қўриқлаш воситалари, ёнғиндан дарак берувчи, қўриқлаш сигнализациялари ва видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пунктларига улаш чораларини кўриш вазифаси юкланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига алкоголли маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикасига қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтириш белгиланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига республика бўйича бир ой муддатда тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда тунги клуб кўринишидаги кўнгилочар савдо объектларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг ёнғинга қарши ва санитария ҳолатларини, шунингдек ушбу объектларда шаклланаётган маънавий-ижтимоий муҳитни ўрганиб чиқиш ва натижалари бўйича қонунда белгиланган чоралар кўриши вазифаси юклатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter