Ўзбекистонда ички сайёҳлар сони 15 миллионга етди

Туризм соҳасига киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳамда ички туризмга бўлган эътибор ортмоқда.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон туризм соҳаси бошқа соҳалар қатори жадал ривожлантирилиб, давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган.
Қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами, жумладан, Туризм тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, мазкур соҳани босқичма-босқич ислоҳ қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Мамлакатимиз туризм соҳасини ривожлантиришдаги асосий инструментлардан бири бу – мазкур соҳага киритилаётган инвестициялардир.
Жумладан, 2021 йилда туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 11,4 трлн сўм бўлган маблағлар ўзлаштирилиб, 495 та лойиҳа амалга оширилди. Давлат инвестиция дастури доирасида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда умумий қиймати 1,2 млрд АҚШ доллари бўлган 62 та лойиҳада, 562,7 млн. долл. инвестиция ўзлаштирилиб, 31 та лойиҳа ишга туширилди.
2022 йилда туризм соҳасида жами қиймати 22,1 трлн. сўмлик 735 та лойиҳалар ишга туширилиб, тармоқда қўшимча 23 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ҳамда рақобатбардош хизматларни йўлга қўйишга берган эътибор натижасида туризм бозоримизга Radisson, Wyndham, Hilton, Hyatt Regency, Ramada, Mövenpick, Mercure, Courtyard by Marriott, Minyoun, InterContinental Hotels Group ва Accor каби етакчи меҳмонхона брендлари кириб келмоқда. Улар нафақат Тошкент, балки, Жиззах, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларида бозор талаби асосида ўз фаолиятларини ташкил қилмоқда.
Илк маротаба Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Ўзбекистонда Глобал инвестиция форуми ташкил этилмоқда.
Форумда 100 дан ортиқ хорижий давлатдан 634 нафар вакил, шу жумладан, 120 дан ортиқ йирик хорижий инвесторлар ҳамда 600 та йирик маҳаллий компаниялар иштирок этмоқда. Форум доирасида умумий қиймати 3 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар инвесторларга тақдим этилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Раҳбарлари Кенгашининг Саммити доирасида Самарқанд шаҳрида 260 гектар майдонда янги туристик марказ барпо этилиб, жахон стандартлари даражасидаги 8 та (4 ва 5 юлдузли) меҳмонхоналар ишга туширилди. Мазкур лойиҳага 516,0 млн. доллар қийматида инвестиция йўналтирилди.
Албатта соҳага киритилаётган инвестициялар авваламбор туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва мамлакатимиз туризм жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Хорижий туристлар оқимини ошириш билан биргаликда сўнгги йилларда ички туризмга бўлган эътибор ҳам кучайиб бормоқда.
Жумладан ушбу мақсадларда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури жорий қилиниб, унинг доирасида:
– жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилди;
– саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (cashback) тартиби жорий этилди.
«Ёшлар туризми ойлиги» ва «Ёшлар туризми ҳафталиги», «Ёшлар туризми» қурултойи каби ўқувчи, талаба ва ёшларнинг саёҳатга жалб этувчи тағибот кампаниялари амалга ошрилмоқда.
Бунинг натижасида ички сайёҳлар сони 15 миллион нафарни ташкил қилиб, ўтган йилга қараганда 2 баробарга ўсди.
Туризм саноати ишлаб чиқарадиган маҳсулот бу – туризм товар ва хизматлар мажмуидан иборат бўлиб, товарларнинг анча катта ва ранг-баранг комплексини ўз ичига олади. Бу маҳсулотлардан кишилар саёҳат қилишда, шунингдек туризм доирасида дам олиш, ҳордиқ чиқариш, даволаниш, ўз билим ва касбий даражасини оширишда фойдаланишлари мумкин. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда мазкур тармоққа эътиборни кучайтириш муҳим масалалардан биридир.
Шуни инобатга олган ҳолда, соҳани ривожлантиришда инвестиция омили муҳим роль ўйнайди. Туризм соҳасига киритилаётган инвестициялар орқали нафақат хорижий туристлар оқимини ошириш, балки ички туризмни ривожлантиришга ҳам эришилмоқда.
Умуман олганда, буларнинг барчаси Ўзбекистонда туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, қулай иқтисодий шароит ва омилларни яратиш, унинг иқтисодиётдаги ўрни ва улушини кенгайтириш, хизматлар сифатини юксалтириш ҳамда туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter