Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмлар учун 914,6 млрд. ажратилди

Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмлар учун 914,6 млрд. ажратилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан «Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Анжуманда таъкидланишича, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 2018 йилда 914,6 млрд. сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Шунингдек, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларининг янги жадвали тасдиқланди.

Айтилишича, мамлакатимизда 152 та фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилмоқда. Бундан ташқари, хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда. Ҳозирги кунда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 млн. АҚШ долларига тенг 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 87,32 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Ушбу инвестициялар, асосан, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Туркиялик инвесторлар томонидан киритилмоқда.

Шунингдек, мамлакатда фармацевтика саноатига ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган. Айни пайтда «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналари  рўйхатга олинди. Ушбу ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олиниб, вилоятлар ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 361,1 млрд. сўмга тенг 30 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 903 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда ЭИЗлар ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 400,0 млрд. сўмга яқин маблағлар ўзлаштирилган. Жумладан, йирик лойиҳалардан «Сирдарё» ЭИЗда «Sirdaryo Universal Oyna» МЧЖ томонидан қиймати 360,0 млр.д сўмга тенг «Фармацевтика шиша идишлари ишлаб чиқариш» ва «Pharma Plast Holding» МЧЖ томонидан 25,0 млрд. сўмлик «Тиббиётда бир марталик ишлатиладиган флаконлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳалари ишга туширилган.

2018 йил 1 августдан  бошлаб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий этилади. Бу эса дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг