Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Буни билармидингиз? Ўзбекистон қайси давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатган?

Буни билармидингиз? Ўзбекистон қайси давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатган?

Фото: «Fvv.uz»

Телевидение, матбуот ва интернет нашрлари орқали фавқулодда ҳолатлар юз бергани ҳақида кўп бора эшитганмиз, кузатганмиз, ўқиганмиз. Бундай ҳолатларда ҳар бир давлат талафот кўрган давлатга ёрдам қўлини чўзмоққа, инсонпарварлик кўмагини беришга ошиқади. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Камтарлик қон-қонимизга сингиб кетганиданми, бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилишга ҳечам ошиқмайдиган бир ташкилот мавжуд бўлиб, бу Фавқулодда вазиятлар вазирлигидир. Мухбиримиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари билан мамлакатимиз томонидан амалга оширилган инсонпарварлик ёрдамлари тўғрисида суҳбатлашди. Хўш, ўтган йиллар давомида дунё мамлакатларига қандай ёрдам қўлини чўздик?

Табиий офат ва турли фавқулодда вазиятлардан жабрланган (ёки бошқа ҳолларда) давлатларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўша давлатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳақидаги алоҳида қабул қилинадиган қарор ва фармонларига асосан ташкил этилади. Инсонпарварлик ёрдамлари асосан давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам молиялаштириш мумкин.

Сакария шаҳридаги зилзиладан кейин…

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 24 нафар қутқарувчиси 1999 йил 23 август кунидан икки ҳафта давомида Туркиянинг (Истанбул шаҳридан 150 км.) Сакария шаҳрида авария-қутқарув ишлари ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатишди.

Зилзила оқибатида Сакария шаҳрининг 330 км2 майдонида жойлашган 80 фоиз уйлар вайрон бўлган. Қутқарув тадбирларини бажариш мобайнида 210 та вайрон бўлган биноларнинг бузилишига рухсат берувчи махсус белгилар ўрнатиб чиқилган, вайроналар остида қолиб кетган 8 нафар инсоннинг мурдаси олиб чиқилган. 150 нафар одамнинг шахсий ҳужжатлари ва қимматбаҳо буюмлари вайроналар орасидан олиб чиқиб берилган. 530 нафар инсонга тиббий ёрдам кўрсатилган, шунингдек, бир қатор мураккаб жарроҳлик ишлари амалга оширилган. Қутқарувчилар жабрланган аҳоли учун чодирли шаҳарчаларни яратиб, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш қоидалари ўргатилган.

Украинадаги сув тошқинида

2001 йил март ойининг бошларида сув тошқини натижасида Украинанинг ғарби сув остида қолиб кетган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 15 мартдаги 135-ф-сон фармойишига асосан Украина халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди. Жумладан, 29 020 550 минг сўмлик 28 476 килограмм инсонпарварлик ёрдам юки олиб борилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 9 095 798 минг сўмлик 1550 килограмм инсонпарварлик ёрдами олиб борилган (50 дона кроват, 100 дона резина этик).

Тарихий обидалар вайрон бўлганда…

2003 йил 26 декабр куни Эрон Ислом Республикасининг Бам провинциясида 6.3 балли зилзила оқибатида 35 минг инсон ҳалок бўлган ва 22 минг киши жароҳатланган, 90 фоиз тарихий обидалар вайрон бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 26 декабрдаги 785-ф-сон фармойишига асосан Эрон Ислом Республикасига 2003 йил 30 декабр куни 13 000 килограмм инсонпарварлик ёрдами кўсатилди.

Покистондаги зилзилада...

2005 йил 8 октябр куни соат 8:50 да Покистоннинг жанубида 8 балли зилзила содир бўлиши натижасида 2.5-2.7 миллион киши жабрланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 октябрдаги 460-ф-сон фармойишига асосан, Покистон халқига инсонпарварлик ёрдами кўсатилди. Жумладан, 48 997 916 минг сўмлик, 40 597 килограмм ёрдам юки олиб борилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 17 049 957 минг сўмлик, 17 820 килограмм инсонпарварлик ёрдами олиб борилган (150 тўплам — лагер чодирлари, УСБ-56 русумли — 21 тўплам — чодир, УСТ-56 русумли — 20 тўплам — чодир, 200 дона тўшак).

Шимолий Осетияга кўмак

2008 йил 18 августдаги ПҚ-945-сон қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 250 000 АҚШ доллари қийматга эга бўлган 280 780 килограмм инсонпарварлик юклари Шимолий Осетияга етказилган.

Қирғизистон учун...

2008 йил 8 октябрдаги ПҚ-976-сон қарорга асосан, 201 000 АҚШ доллари қийматга эга бўлган 393 225 кг. инсонпарварлик юклари Қирғизистон Республикаси аҳолисига етказилган.

Инсонпарварлик юклари Тожикистонга...

2009 йил 22 майдаги 976-ф-сон фармойишга асосан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 20 та вагонда 1 229 000 кг. инсонпарварлик юклари Тожикистон Республикаси аҳолисига етказилган.

Қирғизистон Республикаси аҳолисига...

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 апрелдаги 264-ф-сон фармойишига асосан 74287.87 АҚШ доллари қийматга эга бўлган 400 000 кг. (11 вагонда) инсонпарварлик юклари Қирғизистон Республикаси аҳолисига етказилган.

Покистон Ислом Республикасига...

2010 йил 20 августдаги 549-ф-сон фармойишига асосан 155 239.9 АҚШ доллари қийматга эга бўлган 37 219 кг. инсонпарварлик юклари Покистон Ислом Республикаси аҳолисига етказилган.

Инсонпарварлик юклари Японияда

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 мартдаги 144-ф-сон фармойишига асосан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 168 240 АҚШ доллари қийматга эга бўлган 10 800 кг. (200 тўплам чодир ва 2000 дона кўрпа) инсонпарварлик юклари Япония аҳолисига етказилган.

Бирламчи зарур маҳсулотлар Тожикистон Республикасига...

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 211-ф-сон фармойишига асосан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 269,7 млн. сўм қийматга эга бўлган 60 тоннадан ортиқ инсонпарварлик юклари (қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, иссиқ кийим-кечаклар ва бошқа бирламчи зарур маҳсулотлар) Тожикистон Республикаси аҳолисига етказилган.

Маълумот учун: амалга оширилган ишларнинг муваффақияти у ерга олиб борилган 3 та махсус авария-қутқарув машиналари, автоном электр станцияси, қирқадиган ва кўтарадиган қутқарув асбоблари, тиббиёт ускуналари ва дори-дармонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қизил ярим ой жамияти томонидан олиб борилган инсонпарварлик ёрдамларидир.

Илова: давлат томонидан ташкиллаштириладиган инсонпарварлик ёрдамларига фуқаролар ҳам албатта ҳисса қўшса бўлади. Ҳомийлик қилишни истайдиганлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг