Ўзбекистон делегацияси Саудия Ҳаж ва умра вазири билан учрашди
Жорий йил 10 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига сафар давомида подшоҳликнинг Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев қатнашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, Ҳаж ва умра зиёратчилари сони кескин ошаётгани, президент Шавкат Мирзиёев ва Икки муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани қайд этилди.
Саудия Арабистони вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан Ҳаж ва умра зиёратларини юқори даражада ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани учун миннатдорлик изҳор этди.
Ўзбекистон делегацияси Саудия ҳукуматининг Ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий инновацион музейи, Тошкент шаҳрида қад ростлаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида атрофлича маълумот берди. Тавфиқ бин Фавзон Рабиа бундай улкан бунёдкорлик ишларига ҳар жиҳатдан амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил сентябрь ойида Саудия Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа мамлакатимизга ташриф буюрган эди. Юқори мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев қабул қилганди.
Суҳбат чоғи Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилган.
Саудия вазири подшоҳликда ҳам Ўзбекистондаги тарихий масканларни зиёрат қилишга қизиқиш ошиб бораётганини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter