Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек ёшларининг европача орзу-хаёллари

Ўзбек ёшларининг европача орзу-хаёллари

Фото: Xabar.uz

Халқимизга  хос ва мос қалбда ўзгача бир илиқлик, кайфият уйғотиб, ҳаяжонга соладиган бир-биридан пурмаъно урф-одатларимиз бор.

Мисол учун: эрта тонгда кайвони онахонларнинг айланиб-ўргилиб янги келинчакни тўйхонага йиғилган қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, каттаю кичиккка бирдек таъзим билан саломга олиб чиқишини олайлик. Саломга жам бўлганларнинг орасида келинга меҳр ва ҳавас билан назар ташламагани йўқ бўлса керак.

Айниқса, аёллар, бўй қизлар, кичкинтойларнинг ҳаё-ибо билан таъзим қилаётган келинчакнинг юзидаги нафис тўр сонияга кўтарилишию унинг чеҳрасини кўриш истагида кўзлари ёниб туришини айтмайсизми?! Қалбни энтиктириб, ҳаяжонга соладиган бу каби миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни таърифлаганимиз сайин, улардаги самимиятга йўғрилган ҳаётийлик бўй кўрсатаверади.

Аммо орамизда баъзи европага тақлид қиладиганларга бу эскилик сарқити ёкки оддий ҳолат бўлиб кўринишига нима дейсиз? Айтганча, уларнинг «янгича қараш»лари ҳам бор, албатта. Бу «янгича қараш» ўзини қанчалик оқлаяпти?

Таниш бир опанинг айтишига қараганда, ўғли танлаган қиз унга ёқмаган. Она «Бошқа қиз топ, қўй, ўғлим» дея насиҳат қилган. Шунда «ўта замонавий» ўғилнинг «Аввал яшаб кўрайчи, бўлмаса...» деган жавобидан қайси ақидага юз буришини билолмай онанинг юраги вайрон... Қандай қилиб тўй-томоша билан элга маълум қилиб, уйланиш, оила қуриш яна иккиланиш, таваккал... Мана сизга европача фикрловчи баъзи йигитларнинг оилани тушуниши.

Шу ўринда ёшларнинг оилавий ҳаётга муносабати мавзуида мақола тайёрлаш жараёнида айрим бўй қизларда «Бир марта турмушга чиқсам бўлди...» деган фикр юзага қалққиб бир ҳамкасбимнинг бунда лол қолганини ҳам айтишим керак. Бу ҳам қизларимизнинг «европача хаёл»ларга берилишнинг таъсири эмасмикин?!

Майли ёш-да, қизиққон, баланд-пастни тушунгунча кўп туртиниб, дуч келган тошга бошини уриб кейин ўзига келади, деймиз. Аммо айрим катталар, тўғрироғи, туппа-тузук ота-бобоси ўзбек аёллар ҳам бу борада бизни «ҳайрат»га солади. Масалан, ҳозир узатиладиган қизи борларга ўзбек дегандан кўра, «ўзи ўзбек, фақат европалашган оила» деган изоҳ жуда ёқади-да. Айниқса, келиннинг онасига. «Замонавий оила экан, қизим ҳар куни сочи супурги, қўли косов бўлиб қайнонанинг хизматини қиладими? Руслашгани яхши эркинроқ бўлади. Бемалол яшайди. Алоҳида бўлса янаям яхши», дегувчилар ҳам йўқ эмас.

 Яна бир жиҳат: тўй олди маросимларида «ташаббус»ни қўлга олиб, келин бўлиб борадиган хонадонни бориб кўриб, шароитлари билан яқиндан танишиб, талаблар рўйхатини тобора катталаштириб юбораётган қизлар борлигига нима дейсиз?  Хуллас, бу борада «янгиликлар» кўп...

Ўзбеклигимизга хос урф-одатларимиз ҳақида бекорга таъкидламадик. Бизда тақдири бошқа бир оиланинг фарзанди билан боғланган қиз фотиҳа, пахта солди, уй кўрди каби тўй олди тадбирларида кўпчиликка кўриниш бериши уят саналади. Ҳатто бувиларимиз қизларни қуда томоннинг бирор яқинига тўқнаш келиб қолишдан огоҳлантиришади. Тўй олди тадбирларида келин бўлмишнинг бирор қариндоши, дугонаси қўни-қўшни ёки бўлмаса уйдаги бирор чекка хонада кўздан нарироқда бўлганини неча бор гувоҳи бўлганман. Куёв томон карнай-сурнай, ёр-ёрлар билан келинчакнинг бахт остонасида қутлаб, юз-кўзларида ҳаяжон, эзгу ўй-хаёллар, орзу-ҳаваслар билан қаршилаши шу истиҳоланинг мукофоти бўлса, не ажаб?!

 Хўш, энди айтингчи, уй кўришга келиб, унисида эмас бунисида яшайман, яна алланима талаблар тизган келинни куёв томон самимий меҳр, иззат икром билан қаршилаши мумкинми? Бунда ноиложлик ва яна ўзимизнинг ўзбекона андиша вазиятни муросага келтириши ойдек равшан, албатта.  

Яна бир оммалашаётган «одат» ҳақида икки оғиз сўз.  Кўпинча никоҳ тўйларини хориж киноларидек эртакнамо бошлаш, келин-куёвни севги-муҳаббат изҳори бўлиб янграйдиган аллақайси хорижий кинодаги таниш кўй-қўшиқ билан қарши олиш, кузатиш ҳолатлари. Айнан шундай «ташаббус»ларни шоу-бизнес юлдузлари, эл назаридаги инсонларнинг ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган яхши кунлари видеоларида кўп кузатиш мумкин. Биз бу билан тўйларда ўзбеклигимизга хос бўлмаган янгича кўринишларни тақиқламоқчи эмасмиз. Бироқ илдизлари жуда чуқур миллийлигимизга, ўзбеклигимизга, беклигимизга ҳеч нарса тенглаша олмаслигини ва айримларнинг эртакнамо «янгилик»лари маънавиятимизга «соя» солишини ўйлашга,  бу борада «тарғиботчи»га айланиб қолишдан огоҳлантирмоқчимиз холос.

 Оддий мисол: Яқинда бир машҳур санъаткорнинг тўйида олинган лавҳалар... Келин-куёв хрестианлар черковда никоҳдан ўтаётганда янграйдиган куй билан тўйхонага кириб келди. Тўйхонанинг тўридаги оппоқ саҳнага ҳали ўрнашиб улгурмай куёв бола келинчакнинг юзини очиб қўйди. Энг қизиғи, тўй давомида кечди. Икки ёшни табриклаган қариндош-уруғ, яқин таниш-билишларга келин юзи очиқ шунчаки, қўли кўксида салом қилди. Ҳозир жуда «урф» бўлган «куёв салом»дагидек... Шу онда юзида ҳарир парда билан таъзим қилган келинчакда ўзгача бир файз борлигига яна бир бор амин бўлдим.

Яқинда ижтимоий тармоқларда рақсбоп мусиқага қўш келин қўш куёвнинг тўй саҳнасида рақс тушган видеоси тарқалди ва кенг муҳокама бўлди. Бунда рақс тушаётган келининг салом солиш эсига тушиб қолди, шекилли бирдан қўли кўксида эгилиб таъзим қилиши...  Кимлардир ёшларни шодиёна сабабчиси бўлса, «Умрда бир марта бўлади, ўйнасин кулсин» дея оқласа, бошқалар «жуда хунук кўринар экан» дея қарши фикр билдирди. Бу юқорида биз юлдузлар мисолида бонг ураётган  муаммонинг бир кўриниши эмасми?..

Орамизда ёшлар ўзи хоҳлагандек яшагиси келади, бир марталик тўйни орзу-ҳавас билан ўтказишга нима етсин, жуда майдалашиб кетдингиз-да дегувчилар ҳам бор. Аммо европага тақлид қилиш асносида ўзини «ўта замонавий» санаганлар европада оилага муносабат, меҳр-муҳаббат ва садоқат-вафони ҳам ўрганишлари керак. Бу масала бизда мутлақо акси яъни, юқоридаги йигит қизларнинг фикридаги «Аввал яшаб кўрайчи, бўлмаса...» ёки «Бир марта турмушга чиқсам бўлди...»  сингари ҳавойи кайфият ва таваккалчилик...

Буни сиз қанчалик тўғри деб ўйласиз?

Яна бир ҳаётий мисол. Бир талаба қизни танийман. Уни биринчи марта кўрганимда сира ўзбекка ўхшатмадим. Беш тилни мукаммал биладиган замонавий билимлар билимдони бўлган бу қиз билан ўн дақиқа суҳбатдош бўлиб, унинг фитратида ўзбекона қараш жуда кучли эканлигини пайқадим. Демак, замонавийлик билан миллийликни онгли равишда уйғунлаштириш мумкин?!  Балким, ўзларини «ўта замонавий» деб билган ёшларнинг балки катталарнинг ҳам хато ва камчиликларининг битта сабаби шу уйғунликни идрок эта олмаётганидадир.

Аслида бу борадаги муаммолар ва мулоҳаза қиладиган мавзулар кўп. Замонавийлик ва миллийлик орасида аросатда қолганлар қанча?! Баъзан юртимиздаги муқаддас қадамжолар, ўзбек маданияти, урф-одатларига қизиқиб, уларни ўз кўзи билан кўриш истагида дунёнинг турли чеккаларидан юртимизга саёҳатчилар оқиб келаётган ва айнан туризни ривожлантиришда муҳим ишлар амалга оширилаётган паллада кимларнинг наздида қартайган миллийлигимизу, мантиқсиз замонавийлик ҳақида жуда майдалашиб баҳс-мунозара қилгиси келади, одамнинг. Нима бўлганда ҳам маъно, мазмун, моҳиятни амалларимизга асос қилишни унутмаслигимиз керак.

                                                                            Гулноза Турғунбоева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг