Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Ўзбек тилидаги фронт газеталари «Қонни ҳам, жонни ҳам аямаган»лар ҳақида нималарни ёзишган?

Ўзбек тилидаги фронт газеталари «Қонни ҳам, жонни ҳам аямаган»лар ҳақида нималарни ёзишган?

фото: xabar.uz

«Бўлинмамиз Неман дарёсининг ўнг қирғоғига келиб тўхтади, бизга қандай бўлмасин тезликда бу дарёдан ўтиш ва душманнинг чап қирғоқда мустаҳкамланиб олишига имконият бермай, уни қириб ташлаш вазифаси турар эди.

Мен бу вазифани бажаришда ташаббускорлик кўрсатдим. Тинчлик вақтларида отам ёнида юриб, Сурхон дарёсида юрган сувчилик ҳунаримни Неманда кўрсатишга қарор қилдим. Командир рухсати билан аҳоли яшайдиган пунктдан икки қайиқ топиб, жангчиларни ҳамда қуролларни дарёдан ўтказа бошладим.

Душман кучли қаршилик кўрсатди, пулемёт ва милтиқдан  устимизга тўхтовсиз ўқ ёғдирди, лекин биз усталик ва чаққонлик билан ҳаракат қилиб моҳир сувчилик намунасини кўрсатдик. Душманнинг ўти остида Неманнинг у четидан бу четига уч марта ўтдик ва бўлинмани кўрсатилган вақтда бутун жанговар техникалари билан Неман дарёсининг чап қирғоғига ўтказдик. Бўлинмамиз олдига қўйилган вазифани муваффақиятли равишда бажариб, душманни Неманнинг чап қирғоғида янада кучлироқ саваладим.

                                                             Гвардиячи қизил аскар Н.Султонов»

Бу собиқ аскарнинг уруш тугагач мухбирларга берган интерьвюси эмас. Бу 1944 йил 24 август, «Қизил аскар ҳақиқати» газетасининг 52-сонида чоп этилган, урушнинг қайноқ нуқтасидан ёзилган ўзбек аскарининг ҳикояси эди. Биз уруш ҳақида то бугунги кунгача ҳаёт бўлган, тобора сафи камайиб кетаётган уруш қаҳрамонларининг ҳикояларини кўплаб эшитиб улғайдик. Ва у ҳикоялар бугун матбуот архивларида сақланмоқда. Аммо тарих фанлари доктори, профеесор, «Мерос» халқаро илмий-амалий экспедицияси жамоат фонди раҳбари Рустамбек Шамсутдинов ташаббуси билан чоп этилган «Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» номли 3 жилдли китоб ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини бўйи басти билан кўрсатиб турибди. Биринчи китобнинг муқаддимасида таъкидланганидек, бу китобларда йиғилган мақолалар Россия федерацияси давлат кутубхонасида сақланаётган «Ватан учун», «Совет жангчиси», «Суворовчи», «Фронт ҳақиқати», «Қизил аскар ҳақиқати», «Бонг», «Ватан шарафи учун», «Душманга қарши олға», «Қизил армия газетаси» тахламасининг электрон шаклини олиб келишга эришишган. Яъни уруш вақтида, фронтларда ўзбек тилида чиққан бундай газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини тўлақонли ёритишда ниҳоятда қимматли, ноёб манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Россияда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш, уларни йўқлаш қизғин паллага кирган. Неча йиллардан бери уруш ва уруш қатнашчилари ҳақида қандай маълумот борки, йиғилмоқда, йилдан-йилга ўша материаллар ҳисобига кинолар, ҳужжатли фильмлар ишланмоқда. Ўша маълумотлар орасидан ўзбек ҳалқининг уруш даврида кўрсатган қаҳрамонликлари ва қўшган ҳиссаси ҳақида мақолаларга қизиқиб кўрдим. Юқорида айтганимдек, рус халқи ўз ота-боболарининг кўрсатган қаҳрамонликларини ҳар томондан ўрганган, ҳатто уруш вақтида қайси таом қандай пиширилганигача, аскарлар қандай сигарет чекканигача, ҳамшира қизлар рўмолини қандай ўраганигача, қайси шеър, қўшиқлар аскарларни руҳлантирганигача, қайси даъватдан, қайси ҳайқириқдан душман томон таҳликага тушганигача хотирланган, ўрганилган. Ҳатто уруш даврида, Ленинград қамалида одамларни очликдан сақлаган мушуклар, уйига, эгаларига қуён тутиб келган кучуклар ҳақида ҳам катта-катта мақолалар берилган...

Россия федерациясининг давлат кутубхонасида уруш вақтида, ўзбек тилида чоп этилган газеталарнинг электрон варианти сақланаётган экан, демак ҳали халқимизнинг ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ҳам ўрганилади, кўрсатувлар қилинади, кинолар ишланади. Чунки бу маълумотлар жуда камёб ва қимматли, ўрганиш учун ноёб қўлланмадир. Ахир юқорида номлари санаб ўтилган газеталарда қаҳрамонларимизнинг ўз тилидан ёзилган ўша давр соатма-соат, кунма-кун ёритиб борилган, тарихга ҳужжат бўлиб муҳрланган. Ўзбек аскарлари орасида сапёрлардан тортиб снайперларгача, сувчидан тортиб ўқитувчигача, оддий ҳарф терувчидан, ҳисобчигача жанг қилган. Айниқса ўзбек қизларининг жасурлиги, яъни газеталарда бот-бот чиқиши бу тарихга абадий муҳрланганидан дарак. Биз билган Зебохон Ғаниева сафида Азизахон Қаландарова, Шарофат Эшонхўжаева, Хосият Усмонова, Роза Иброҳимова, Саломат Сангидова,  Раҳима Алимова, Сора Шукуровага ўхшаган жасур қиз-аёлларимиз борлигини ҳам  ўша пайтларда ўзбек тилида чоп этилган газеталар тарихга муҳрлади.

«Украина учун олиб борилаётган ҳужум жангларимизда Бухородан келган Раҳима Алимова деган комсомол қиз, айниқса қаҳрамонлик кўрсатмоқда. Ўқчи ротанинг санитария инструктори бўлиб хизмат қилаётган бу жасур ўзбек қизи на ҳаводан қилинган ҳужумдан, на душман томонидан учган ўқдан, на минадан қўрқади. Унга ҳеч нарса писанд эмас. 1943 йилнинг 18 июлидан 28 июлигача Шимолий Донец дарёси қирғоқларида Донбасс учун ўн кунлаб жанг бўлди. Ана шу вақтда Раҳима Алимова пулемёт, ҳам миномёт ўти остида 97 ярадор жангчи ва офицерга шошилинч медицина ёрдами кўрсатди ва уларнинг кўпини жанг майдонларидан хавфсиз ерга олиб чиқди... Бу жанглар вақтида кўрсатган қаҳрамонлиги учун Раҳима Алимова «жасурлиги учун» медали билан мукофотланди... Подполковник Саввин, «Ватан шарафи учун» 1944 йил 16 январь 3-сон»

Муаллиф ушбу газеталар ҳақида китоблар тўпламига киритилган мақолалар фақатгина Россия давлат кутубхонасига буюртма бериб олинганини таъкидлайди. Бундай газеталар дейди тарихчи, Россия ҳарбий давлат архивида, Мудофаа вазирлиги архивида ва Россия, Украина, Белоруссия, Латвия, Литва, Эстония, Венгрия, Чехия, Германия архив ва музейларида бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбек ўғлонларининг қаҳрамонликлари рус тилидаги газеталарда ҳам босилган. Масалан «Вперёд к победе» газетасининг учинчи саҳифасида «Узбек Умаров – меткий стрелок» номли мақола берилган. Ва китобда ўша рус тилидаги мақола ўрин олган.

«Қизил армия» газетаси 1944 йил, 11 апрель 30-сонида «Қонни ҳам, жонни ҳам аямасдан», деган мақолада гвардиячи катта лейтенант М.Жўраев ёзади:

«Янгигина онт ичган дўстларим билан яқинда жангга кирдим. Тўғри айтиш керакки, бизнинг жангчилар немисларнинг мудофаа пунктини ёриб киришда шерларча ҳаракат қилдилар. Мен яраландим, аммо жанг майдонини ташлаб чиқишни ўзимга эп кўрмадим. Ҳали кучим бор эди, немисларни қийратишда давом этдим. Оз ўтмай яна бир дайди ўқ чап елкамга тегди, йиқилдим. Шу вақт ҳарбий онтим кўз олдимга келди: «Душман устидан тўла ғалаба қозониш учун ўз қонимни ва жонимни ҳам аямайман», – деган эдим. Бу онтим гўё тилга киргандек, «Нега ётибсан эр йигит, муқаддас онтинг ёдингдан чиқдими?», дегандек бўлди. Бир уялиб кетдим кейин азот ўрнимдан турдиму, шерикларимга етиб олдим...»

Ушбу уч жилдлик китоб орқали газета тахламларини варақлар экансиз, ўзбек йигит-қизларининг мардоновар ҳатти-ҳаракатлари кўз олдингизда намоён бўлаверади. Ўрганишга, кинофилмлар яратилишига, фахрланишга арзийдиган халқимиз фарзандлари жуда кўп бўлганига яна бир бор амин бўласиз.    

Китоб чоп этилган йили (2017 йил) сўз боши ёзган олим, тарихчи Наим Каримов ушбу газеталарнинг чоп этилишига бош қош бўлган ўзбек журналистларининг хизмати ҳақида шундай дейди: «Фронт газеталарида хизмат қилган журналист ва ёзувчиларннинг бир қисми армия сафига чақирилгач, дастлаб уларга Тошкентда очилган ҳарбий мактабларда ҳарбий билим олиш имконияти берилган, шундан сўнгина улар фронтга юборилган. Аксар журналист ва ёзувчилар эса тўғридан-тўғри уруш майдонларига жўнатилаверган... Шулардан бири кўнгилли бўлиб кетган урушгача «Ёш ленинчи» газетасида котиб-машинистка бўлиб ишлаган Зарифа Шамсиддинова ҳам бор эди. У ўта оғир шароитда, душман снарядалри тинимсиз портлаб турган жойларда ишлаб, бир неча марта жасорат намунасини кўрсатган. Аммо Мирзакарим Исмоилий «Барҳаёт қиз» очеркида ёзишича, 1943 йил 16 ноябрь куни кечаси фашистларнинг овчи самолётларидан бири ўғринча учиб келиб редакция вагонлари устига ёндирувчи бомбаларни ташлаб ўтган. Шу бомбалардан бири Зарифа Шамсиддинованинг ҳаётига зомин бўлган. Шу куни фронт журналистларидан яна 18 киши ҳалок бўлган...»

Айтинг-чи, газеталарни чиқаришда бош-қош бўлган журналистларнинг ҳаётини кино қилиш мумкинми, ҳозирда Россия киноижодкорлари ўз ота-боболари ҳақида ишлаб чиқараётган кинофильм қаҳрамонларидай эъзозга, хотирланишга арзимайдими? Ахир улар ҳақида китоблар, очерклар, вақтли матбуотда мақолалар берилган, ёзилган... тўқима образ яратишга ҳам ҳожат йўқ...

«Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» китобининг биринчи жилд кириш қисмида Адҳам Рахмат ва Мели Жўра қаламига мансуб «Мардлик қиссалари (Улуғ ватан уруши эпизодлари)» асаридан парча келтирилган: «Қизил армия»,«Совет жангчиси», «Ватан шарафи учун», «Қизил аскар ҳақиқати», «Суворовчи» газеталари фронтчилар орасида машҳур бўлиб кетди. Бу газеталарнинг саҳифаларида юзлаб очерклар, эсдаликлар босилди. Улар ўз ўқувчиларига  фронтдаги муҳим воқеалар ҳақида оператив ахборот бериб турдилар, жангчиларни ғалаба томон йўлладилар...Фронтдаги ўзбек газеталари саҳифаларида босилиб чиққан, ҳозиргача тўпланмаган минглаб очерклар ва мақолалар ўзбек ёзувчилари ва журналистларининг ўз жанговар саргузашатлари ҳамдир. Улар бу тарихий эпизодларни жанг майдонида, тутунлар ичида, тўпларнинг лафетларида, самолётларнинг қанотларида, окоп ва землянкаларда ёздилар. Чунки уларнинг бири командир, бири комиссар, бири сержант бири оддий солдат эди. Уларнинг ҳам қуроли, ҳам қалами ёвга аёвсиз зарба берди...»

Мана киноижодкорлар учун тайёр сценарий, журналистлар ҳақида фильм ишлаш учун ўша давр газеталар тахламларини ўқиш, ўрганиш кифоя. Агар ёзувчи, журналистлар жон олиб жон бермаганида ўзбек тилида ўнлаб газеталар чиқарилармиди? Жон ва нон қайғуси юртни қамраб олган пайтда ёзиш, газета чоп этишнинг юки қанчалар оғир бўлганини тасаввур қилиб кўринг-а? Яна уруш ўчоқларида...

Бугун – Хотира ва қадрлаш куни. Бу кунда эл ўтганларни, жасорат ва фидойилик кўрсатган ўзбек фарзандларини ёдга олади. Ёдгорликлар пойига гуллар қўйилади, дуолар ўқилади, тарих яна бир карра жонлантирилади.

Бироқ бу каби тадбирлар – технология шиддат билан ривожланаётган замонда – тарихни сақлаш ва ундан сабоқ чиқариш учун камлик қилади. Энди тарихни фақат эслабгина қолмай, уни қайта сўзлаш, қайта кўрсатиш, янги авлодга тушунарли тилда тақдим этиш вақти келди. Архивлардаги мақолалар, фотосуратлар ва гувоҳликларни рақамлаштириш, уларни ҳужжатли ва бадиий фильмларга айлантириш керак. Ахир газета тахламларидаги ҳар бир мақола, фотосурат ва жонли гувоҳлик – бир ҳаёт, бир қисмат ва ҳар бири алоҳида фильм, китоб қилишга арзийди.

Чунки тарих – унутилса, йўқолади, жонлантирилса – яшайди. Яна биз билан бирга нафас олади. Тарих – ўтмиш эмас, у ҳали сўзланмаган ҳикоя. Унга қулоқ тутмоқ керак. Қулоқ тутиш учун эса ўша пайтда чоп этилган, архивларда сақланаётган газеталар бор, уни излашда, топишда тўхтамайлик. Тарих сукутни ёқтирмайди...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг