Ўзбекистонда нега «Оталар куни» нишонланмайди?
Талабалик давримда «тили ўрганилаётган мамлакат маданияти» номли фандан сабоқлар бўларди. Жаҳонда инглиз тилида сўзлашадиган давлатларнинг анъана ва урф-одатлари, миллий байрамлари, қўйингчи, нимаки ўзига хосликлари бўлса тўлиқ ўргатилар эди.
Ўшанда мени «Оталар куни» ибораси эътиборимни тортган ва бу ҳақда доимо маълумотлар излашга киришганман. Қарангки, бу байрам дунёнинг 111 давлатида нишонланар экан.
Бизнинг юртимизда бундай ажойиб кун мавжуд эмаслиги бироз хомуш торттиради. Масалан, Сонора Смарт Додд (1882-1978) хоним АҚШда Оталар кунига асос солган машҳур аёл ҳисобланади. Додднинг онаси олтинчи фарзандга кўзи ёраётган вақтда оламдан ўтади.
Олти фарзандни оқ ювиб-оқ тараш, камолга етказиб улғайтириш ёлғиз отаси, фуқаролар уруши фахрийси Уилям Жексон Смарт зиммасига тушади. Ёш хоним жонкуяр отасининг фарзанд тарбиясига бўлган алоҳида эътибори, болаларга чексиз муҳаббатини, бу йўлда тортган не-не азобу уқубатларини, рўзғор тебратиш борасидаги қийинчикларини шахсан гувоҳи бўлади. У йиллар ўтгани сайиб бор кучини оталарни улуғлаш, уларни қадрига етиш ва ҳурматини жойига қўйиш бўйича улкан тарғибот ишларига сарфлади.
Додд 1972 йилда 90 ёшга кирганида президент Ричард Никсон ушбу кун ҳақидаги декларацияни имзолаб, «Оталар куни»ни миллий байрам сифатида кенг нишонлашга рухсат бергунга қадар бутун умрини шу эзгу мақсад йўлига бахшида этди.
Барча давлатларда ҳар хил саналарда бўлгани каби нишонлаш усули ҳам турличадир. Масалан Тайвандда 8 августда, Непалда август ойининг охирида ёки сентябр ойининг бошида, Германияда май ойининг охирида нишонланса, Афғонистон, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа юртларда ҳам июнь ойининг охирида ўтказилади.
Бироқ қаерда бўлмасин, ушбу куннинг маъноси ва мақсади умумийдир.
Аммо негадир бу кун Ўзбекистонда нишонланмайди. Оталаримиз биз фарзандлари учун бору жаҳонини беради. Осон бўлмаган бу мураккаб дунёмизда рўзғор тебратиш учун ҳатто инсон оёғи етмайдиган шимолдан тортиб, Африкадаги давлатларгача рисқ-рўзини териб келишади. Қишин-ёзин далаларда меҳнат қилиб, топган яримта нонини ҳам оиласига ташийди.
Улар бизнинг суянчимиз, ишонган тоғларимиз, оиламиз қўрғонларидир. Бизни дунёга келишимизда асосий сабабчи бўлган улуғ зотлар-ку.
Тўғри, биз 14 январда барча эркакларни табриклаймиз, аммо у кўпроқ Ватан ҳимоячилари, ҳарбийларимиз байрамига ўхшайди, қолаверса, барча эркаклар ўша кунда ҳам ишлайдилар.
Масъулиятли, фидокор ва меҳрибон оталаримиз учун йилда бир маротаба дам олиш куни эълон қилиниб ёки дам олиш бўлмаса ҳам, байрам куни белгиланса мақсадга мувофиқдир.
Бу кунда барча оила даврасида жамулжам бўлса, ширин таомлардан баҳраманд бўлиб, меҳрибон оталаримизга чексиз эҳтиромларимизни намойиш этсак. Улар қалбини хушнуд этиб, умрига умр қўшсак, қанча яхши бўлар эди. Оталар ҳақида қўшиқлар битилса, кўрсатувлар ва эшиттиришлар берилса...
Албатта, инсон қалбини бахтиёр этишнинг албатта усуллари ҳам йўллари ҳам кўп. Бунга умуммиллат даражасига қаралсак, янада жозибалироқ кечади.
Наргиза Раҳмонова,
инглиз тили ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter