Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Осиё ва Европа вазирлари Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилади

Осиё ва Европа вазирлари Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилади

7—8 сентябрда Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказилади. Кун тартибида – дунёда «Ноль очлик» мақсадига эришиш, иштирокчи мамлакатлар ўртасида озиқ-овқат етказиб бериш учун экспресс даҳлизларни очиш ва бошқалар бўлади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, ФАО (БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) техник кўмагида ўтказилади.

Тадбирда 30 дан зиёд мамлакатлардан вазирлар ва дипломатлар, шунингдек халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий ташкилотлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқалардан вакиллар қатнашади.

Конференция доирасида Ўзбекистон аграр тармоқни ислоҳ қилишдаги ўз ютуқлари тақдимотини ўтказади, шунингдек, билимлар ва инновацион ечимлар трансферини йўлга қўйиш учун жаҳон ҳамжамияти тажрибасига мурожаат қилади.

«Бугунги кунда дунё ерлар деградацияси ва сув ресурсларининг тақчиллиги, пандемиялар ва нобарқарор геосиёсий вазият муаммоларига дуч келмоқда. Ушбу чақириқлар фонида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада ўткир тус олмоқда.

Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига, пировардида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қандай таъсир кўрсатаётганлигини барчамиз ҳис қилмоқдамиз. Сув ресурслари камайиб бормоқда, юқори ҳарорат экинлар ҳосилдорлигига ва чорва сонига салбий таъсир кўрсатяпти. Иқлим ўзгаришлари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни олдиндан белгилашни қийинлаштирмоқда, бу прогнозлаш ва режалаштиришнинг аниқлигини сусайтирмоқда. Ҳолбуки, режалаштириш – у ёки бу озиқ-овқат турларининг бозордаги тақчиллигига йўл қўймасликнинг калити саналади.

Шунингдек, кун тартибидан иштирокчи мамлакатлар ўртасида сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун «яшил» ва экспресс даҳлизлар очиш масаласи ўрин олган», — изоҳлади Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов.

ФАО баҳоларига кўра, дунё бўйлаб 2,3 млрд инсон суст ёки ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги ҳолатида яшамоқда, уларнинг 566 миллиони (25%) Осиёда истиқомат қилади.

«Бўлажак конференция ФАО ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Тадбир дунёда агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги чақириқлар ва ечимларни муҳокама қилиш учун яхши майдонча бўлади.

Бундан ташқари, ушбу халқаро миқёсдаги воқеа 2030 йилга қадар озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни, шунингдек барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган «Ноль очлик» 2- Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган чораларнинг амалга оширилиши мақомини таҳлил қилиш имконини беради», — деди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуцу.

Шунингдек, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича конференция доирасида «Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ва I Ўзбекистон Агроозиқ-овқат инвестиция форуми ўтказилади. Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Корея Республикаси, Польша, Озарбойжон, Қозоғистондан 50 дан зиёд компания қатнашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг