Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқитувчи ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?

Ўқитувчи ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?

Қайси соҳада фаолият юритишимиз, қандай касб эгаси эканимиздан қатъий назар, ҳар биримиз истеъмолчимиз ва бу борада ўз ҳуқуқимизни ҳимоя қилишга мудом эҳтиёж сезамиз. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган қонунчилик тизими яратилган. Бироқ, ҳар қандай қонун нормаси унга мурожаат қилингандагина ишлайди. Яъни манфаатдор шахс – истеъмолчининг фаоллиги бўлмаса, муаммо ўз-ўзидан барҳам топмайди.

«Урганч туманининг «Юқорибоғ» қишлоғи, «Қипчоқ» маҳалласида истиқомат қиламан. Касбим ўқитувчи, тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ишлайман, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзосиман.

2017 йил 8 февралда «Дамас» автомашинасини сотиб олиш учун Тошкент шаҳридаги «Jahona Cars» МЧЖ билан шартнома тузиб, унинг ҳисоб рақамига 35 млн. сўм тўлагандим. «Jahona Cars» МЧЖ томонидан шартнома шартлари бажарилмай, менга автомашина белгиланган муддатда етказиб берилмади. Бунинг устига тўлаган пулимни ҳам қайтаришни пайсалга солиб, роса сарсон қилишди. Бундан норози бўлиб МЧЖ ва бошқа ташкилотларга ёзган ариза ва шикоятларим ҳеч қандай натижа бермади.

2018 йил 6 апрелда Урганч тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига «Jahona Cars» МЧЖга тўлаган пулимни қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатимга асосан туман жамияти фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига ариза киритди. 2018 йил 5 июлда суд 35 млн. сўм ва банк фоизи асосида кўрган 6 млн. 510 минг 958 сўм зарарим, жами 41 млн. 510 минг 958 сўмни «Jahona Cars» МЧЖдан ундириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарди.

Қисқа вақт ичида ҳуқуқ ва қонуний манфаатларимни тиклаб берган Урганч тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбар-ходимларига миннатдорлик билдираман.

Ҳурмат билан, Дилшодбек Қозоқов».

Ушбу ташаккурнома истеъмолчининг ана шундай фаоллигига бир мисол. Қолаверса, уни Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларининг истеъмолчилар қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятига берилган холис баҳо, дейиш мумкин.

Эртанги кунимиз – ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси ўқитувчи ва мураббийлар зиммасида экан, уларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, муаммоларига ечим топиш устувор вазифалар сирасига киради. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда ўқитувчиларнинг истеъмолчи сифатидаги муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

2018 йилнинг 9 ойи давомида истеъмолчилардан Федерация ва унинг ҳудудий органларига 9 865 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми ижобий ечимини топган. Бунинг натижасида истеъмолчиларнинг қарийб 5 миллиард 467 миллион 684 минг сўмлик қонуний ҳақлари тиклаб берилган. Улар орасида шарафли касб эгалари – ўқитувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Жорий йилнинг 9 ойи давомида федерация томонидан ўқитувчиларнинг 466 миллион 776 минг сўмликдан ошиқ қонуний ҳақлари тиклаб берилгани ҳам сўзимиз исботи бўла олади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг