Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оқдарёда эркаклар туғадими? (видео)

Оқдарёда эркаклар туғадими? (видео)

Намоз Очилов — Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи.

Фото: «Xabar.uz»

Оқдарё туманидан «Хаbar.uz» сайтига шикоят билан мурожаат қилишди. Туман тиббиёт бирлашмаси(ТТБ)га келган янги бош врач аёл врачларни ишдан олиб, ҳаммасининг ўрнига эркак врачларни қўйибди.

Ишониш қийин. Исломий жиҳатдан бегона эркак номаҳрам бўлиши ҳам майли, наҳотки аёл врачлар туғруқхонадан чиқариб юборилаётган бўлса?

Оқдарёга йўл олдик.

Янги раҳбар, янгича иш услуби

− 2001 йилдан бери туғруқ бўлимида ишлайман, 2017 йилнинг апрелидан шу бўлим мудирлигига тайинланган эдим, − деди гинеколог врач Ҳулкар Равшанова. – Сентябрь ойида ТТБга Намоз Очилов бош врач бўлиб келди. Декабрда хонасига чақирган бош врач янги қуриладиган туғруқхона лойиҳаси учун 700 АҚШ доллари беришимни сўради. Кейин бу пулни унинг ўринбосари Илҳом Яхшибоев ҳам сўради. Ўзи давлат раҳбари порахўрликка, айниқса, тиббиёт соҳасидаги пул сўрашларга қарши курашиб турган бир пайтда унча пулни қаердан оламан? Врачлардан, туққани келган хотинлардан олишим керакми? Пул бермаслигимни айтдим. Шу билан «Мен бир йилда 750 та операция қиламан, сен бир йилда нечта аборт қиласан?» деб дағдаға қилган бош врачнинг тазйиқига дучор бўлдим. Йиғилишларда мени сиқувга олишни бошлади. Шундан кейин ишдан бўшатишини сўраб ариза ёздим.

«Нега чақирганимда квартирамга келмадинг?», — деди. «Бу нима деганингиз, нега квартирангизга боришим керак?», — дедим. У киши ходимларни ижарада турадиган квартирасида қабул қилишни одат қилган. «Аризамга қўл қўйинг, кетаман», — дедим. «Ариза ёзиб қутулмоқчимисан, билиб қўй, сени бошқа жойда ишлагани ҳам қўймайман», — деди Намоз Очилов.

22 январь куни ишни қишлоқ оилавий поликлиникаси(ҚОП)дан чақирилган Асқар Абулқосимовга топширишимни айтди. Шундай қилиб, 2017 йил апрелида одам ўлишига сабаб бўлгани учун ишдан олинган врачни Намоз Очилов 2018 йил январда туғруқ бўлими мудири қилиб қўйди. Мени Даҳбед ҚОПига юборишди. У ерда бўш жой топилмади. Шу билан на ишим бор, на бир буйруқ.

Ҳулкар Равшанова шундан сўнг ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилди. Бошқарма бошлиғи Ҳулкар Равшанова ишдан нотўғри олинганини кўрсатиб, ишига тиклаб қўйиш тўғрисида ТТБ бош врачига хат тайёрлатиб берди. Аммо ТТБ бош врачи бошқарма бошлиғининг хатини инобатга олмади, унга эътибор ҳам бермади.

Ҳулкар Равшанова шундан сўнг Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига мурожаат қилди. Кенгаш раиси Суҳроб Рафиқов «Сиз ноқонуний ишдан олингансиз, ТТБ бош врачи сизни ҚОПга сафарбар қилишда жамоа шартномаси қоидаларини бузган, бу масалада судга мурожаат қилинг» деган жавобни берган.

Ҳулкар Равшанова Оқдарё туман ҳокими Пирматбой Ўсаровга мурожаат қилди. Ҳоким «Бош врачга ўзим айтиб қўяман, ишингизга тиклайди» деб жавоб беради, аммо ё айтишни унутади, ё Намоз Очилов унинг айтганини ҳам қилмайди.

ТТБ бош врачи Намоз Очиловдан бу гапларга изоҳ сўрадик.

− Бу ерда тушунмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, − деди Намоз Очилов. – Бу Президентнинг топшириғи. Яхши врачлар республикадан вилоятларга, вилоятдагилар туманларга, тумандагилар қишлоқларга ротация қилинди. Мен ўзим вилоят кўз касалликлари шифохонасида бош врач эдим. Икки йилга Оқдарё тумани тиббиётини яхшилиб бериш учун сафарбар қилиндим. Ўз навбатида Ҳулкар Равшанова ҳам яхши врач бўлгани учун уни қишлоқларга юборганман. Бир йил нима деган гап, ўтади-кетади, келиб яна ўз жойида ишлайверади.

Бош врач ҳузурида ТТБ касаба уюшмаси раҳбарига савол бердим:

− Ходимни бир йил муддатга сафарбар қилиш мумкинми? Жамоа шартномасида шу кўрсатилганми?

− Жамоа шартномасида ходим икки ойдан олти ойгача сафарбар қилиниши мумкинлиги кўрсатилган, − ерга қаради уюшма раҳбари.

− Бунга мен жавоб бераман, − деди Намоз Очилов. – Мен икки йилга келганманми, ходимларим ҳам бир йилга сафарбар қилинади. Бу Президент топшириғи ва уни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Ҳулкар Равшанова ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига мурожаат қилади. Суд раиси эса «Бу одам билан боғлиқ суд ишини кўрмайман» деб ишни вилоят судига юборади.

«Ишимни деб соғлиғимдан айрилдим»

− 1994 йилдан бери ТТБнинг туғруқ бўлимида ишлаб келаётган эдим, − деди гинеколог врач Муҳаббат Саидова. – Шу пайтгача фақат мақтовлар эшитиб, мукофотлар олиб ишлаганман. 2018 йилнинг февраль ойида бўлимга келган текширувчилар бир беморнинг сумкасидан тўрт дона шприц топиб олибди. Текширувчилар «Буни врач ёзиб берганмиди?» деб сўради. Бемор «Эрим олган дориларнинг қайтимига берган экан» деди. Шу баҳона бўлиб, бош врач мени ҳамманинг олдида сенсираб уришди. «Кўзингни менга бўқрайтирма!» деб бақирди. Эртасига йиғилишда ҳамманинг олдида яна сенлаб, «Нега тушунтириш хати ёзмадинг?» деб ҳақорат қилди. «Мени сенсираманг, ҳақорат ҳам қилманг, мен аввало врачман, қолаверса аёлман!» дедим. «Сени сенлашга менинг ҳаққим бор! Сенинг тилинг бир қарич экан, сени йўқ қиламан, чиқ, йўқол!» деб мени йиғилишдан ҳайдаб чиқарди. Кейин «Буйруқ тайёрланглар, тили жуда узун экан, энг узоқдаги ҚОПга жўнатинглар, бир йил юрсин ўша ёқларда, кўзи очилади» дебди. Буни менга йиғилишда қолган ҳамкасбларим айтишди. Хуллас, 3 март куни мени туманнинг энг чекка учта ҚОПига жўнатиш ҳақида буйруқ чиқарди. 35-40 километр жойдаги Авазали, Улуғбек, Сарка каби тўртта ҚОПга ҳар куни бориб келишим керак бўлди. Бундан хафа бўлиб, гипертония касалим хуруж қилиб, шифохонага тушиб қолдим. Хотин-қизлар байрамини ҳам шифохонада ўтказдим.

Аччиқ билан Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонасига учрашдим. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира опа бош врачни чақирди. Менинг шикоятларимни айтиб, ўрнимда қолдиришини илтимос қилди. «Йўқ, кетади, энг узоқ қишлоқларга бориб, бир йил ишлаб келади, қароримни ўзгартирмайман», — деди Намоз Очилов. Вилоят касаба уюшмаси раисига  учрашдим. У киши ҳам қонун бузилиши содир бўлганини айтиб, судга беришим мумкинлигини айтди.

Шундай қилиб, Муҳаббат Саидова ҳам фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига мурожаат қилди. Суд раиси бу ишни ҳам кўришдан ўзини олиб қочди ва вилоят судига юборди.

− Биздан ташқари яна Раҳматуллаева деган аёл врач ҳам ишдан кеткизилган, − деди Муҳаббат Саидова. – Энг қизиғи, менинг ўрнимга гинеколог қилиб ишга олинган эркак гинеколог Исомиддин Бекпўлатов айнан мен юборилган чекка қишлоқдаги ҚОПдан қатнаб ишлаяпти. Хуллас, биз, аёл врачларни қишлоқларга чиқариб юбориб, ҳамма эркаклар йиғилиб олиб, аёлларни аборт қилиш билан шуғулланишаяпти.

Қизиқ бир факт: ТТБдаги туғруқлар сони билан қизиқдик. 2017 йилнинг ноябрь ойида 201 та, декабрь ойида 256 та, 2018 йилнинг январь ойида 209 та аёл туққан туғруқхонада 2018 йилнинг феврал ойида 170 та, март ойида 172 та аёл туққан. Туғилиш камайиши баҳорги ишларнинг бошланиши билан боғлиқмикан ёки аёллар эркаклардан «ҳуркиб» кетишдимикан?

Бу саволга ҳам ТТБ бош врачи Намоз Очилов оригинал тарзда жавоб берди:

− Бу биз олиб бораётган тушунтириш ишларининг натижаси, биз сонга эмас, сифатга эътибор қаратаяпмиз, − деди бош врач. – Оз бўлсину соз бўлсин. Кам бўлса-да, соғлом болалар туғилмоқда.

Қози нима дейди?

Врачлар бир неча ҳафта чўзилган суднинг суриштирув ишларида қатнашдилар. Журналистик суриштирув олиб борган «Хаbar.uz» ахборот-таҳлилий портали махсус мухбири ҳам барча суд йиғилишларида иштирок этди ва бу жараёндаги савол-жавобларни бевосита қайд қилиб борди.

Ниҳоят, 2018 йилнинг 15 май куни Ҳулкар Равшанова иши юзасидан, 23 май куни Муҳаббат Саидова иши юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Абдували Жабборов ҳар иккала даъвогарнинг даъволарини қаноатлантирувчи қарор чиқарди. Унда ҳар иккала врачнинг Оқдарё ТТБга нисбатан даъво муддатини тиклаш, ўз иш жойлари ва хизмат лавозимларига тиклаш, уларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш белгилаб қўйилган. Хуллас, адолат тантана қилди!

Бугун адолат билан суд қилган фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига миннатдорчилик билдирган врачлар Ҳулкар Равшанова ва Муҳаббат Саидова қўлларига суд қарорини олиб, Оқдарёга, туман шифохонасига, бош врач Намоз Очилов ҳузурига йўл олдилар.

Намоз Очилов суд қарорини ҳам писанд қилмасдан ўз билганича иш тутадими ёки қонунга бўйсуниб, аёллардан кечирим сўраб, аҳиллик билан келишиб ишлайдими, буни вақт кўрсатади. Зеро, суд қарорида мана бу жумлалар ёзиб қўйилган: «Суд ижро ҳужжатларини ижро этиш бўйича суд ижрочисининг талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча давлат ташкилотлари, корхоналар, жамоат бирлашмалари, муассасалар, хўжаликлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир. Суд ижрочисининг талабларини бажармаслик жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин. Ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилсин!».

Биз ҳам суднинг одилона қароридан хурсанд бўлдик. Ҳар ҳолда бола туғиш аёлларга қоладиган бўлди. Оқдарёда яна бола туғилиши кўпайса ажаб эмас.

«Хаbar.uz» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz»нинг мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг