Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Она тўрт нафар фарзандини болалар уйидан олиб кетди (видео)

Узоқ вақт деразадан йўлга тикилиб: «мана ҳозир келиб қолади, ана ҳозир келиб қолади», деб умид билан яқинларини узоқ кутиш учун ҳам катта сабр керак.

«Халқ билан» лойиҳасининг навбатдаги сонида айнан шундай сабр эгаларининг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ва ундан кейинги ҳолат акс этган. 

—  Исминг нима?

—  Шинин...

— Ширин де, асал қизим, Ширин де. Акангни яхши кўрасанми? Бор-чи акангга.

Тарбиячининг сўзларидан сўнг қизчанинг акасини қучоқлаб олишида ҳам чуқур маъно ва меҳрга ташналик акс этади.

Ярим оқшом қучинг бола бешигини,
Она қалби болалади дунёларга.
Фаришталар очинг жаннат бешигини,
То тонггача алла айтган оналарга.

—  Мени олдиларига турғазиб қўйгандиларда, ўшанда мани кўтариб олдилар. «Яхши қиз бўл», дедилар, — дейди Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси кўзида тарқамаган қувончи билан.

—  Бу дунёда ким бахтли, ким бахтсиз эканлигини Худонинг ўзи кўрсатади ва келажак кўрсатади, — дейди болалар билан суҳбатда Президент.

Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимованинг айтишича, 60 нафар болалардан ҳозир 47 нафари қолган. Президент кетиши билан бир оила телевизорда кўриб, 4 нафар фарзандини олиб кетади. Бошқа оилалар ҳам болаларни олиб кетишади. Ҳатто икки нафар бошқа миллатга оид болаларни ўзбек оилалари фарзанд қилиб олишган.

4 нафар фарзандини олиб кетган она шундай деди: «Биз вақтинчаликка бергандик... Бир вақтлар фарзандларим билан бир ерда ўтириш, бир жойда ётиш, бирга чой ичиш бир вақтлар орзу-хаёл эди...».

—Зулайҳо холам билан онам сумалак пиширишди. Фотима укам рақсга тушди. Ҳусниддин укам эса дўмбира чалди, — дейди қизча овозида тарқамаган мунги билан.

— Президентимизни яна кўришни роса орзу қиламан, — дейди яна бир тарбияланувчи уялибгина. Овозидан самимият барқиб турган қизчадан Президентни яна кўрса, нима дейишини сўрашганда шундай деди: «Сизни роса яхши кўраман. Ўша куни айтмоқчидим, уялдим».

«Фақат ишонч билан ўзларинг устида ишлаб, керак бўлса ўша дўстларингдан, қариндошларингдан, қўшниларингдан ақллироқ, бахтлироқ бўлишларинг учун мен ҳамма шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиляпман», — деганди Президент ўша учрашувда.

Қанча орзу, армонлар битилган умр дарахтига. Кимдир фарзандга зор. Бир беғубор юрак эса йўлдан кўзини узолмайди. Бизни асл инсон қилишга меҳрдан бошқа нарса қодирмикан?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг