Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олот тумани ҳокими фермерни дўппослади. «Мен уни ўз шахсий манфаатим йўлида урмадим», дейди ҳоким

Олот тумани ҳокими фермерни дўппослади. «Мен уни ўз шахсий манфаатим йўлида урмадим», дейди ҳоким

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни кўпчилик олдида уриб, дўппослаб, ҳуқуқларини топтаб, фермерлик ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўм маблағни бошқа мақсадларга йўналтиришга мажбурлайди...

«Xabar.uz» мухбири ушбу ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида журналист суриштируви ўтказди, жабрланувчи фермер, воқеа гувоҳлари ва туман ҳокими билан суҳбатлашди.

«Беш йилдан буён 42,5 гектар ер майдонидан ҳосил олиб, пахта ва ғалла бўйича давлат режасини ўз вақтида бажариб келаман. Хўжалигимнинг 15 нафарга яқин аъзоси бор. Жорий йилнинг 9 январь куни «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини «Баҳрин баёт» фуқаролар йиғини раиси Зокир Бегиев соат 10:30да мени Олот туман ҳокимлиги мажлислар залида соат 14:30да ўтказиладиган йиғилишга етиб келишим зарурлигини айтди. У ерга етиб борганимда кўп фермерлар йиғилган эди. Йиғилишга киришим биланоқ, туман ҳокими мендан фермер хўжалик муҳрини сўради. Мен далада эканлигим боис, мажлисга кечикмаслик учун тўғри туман ҳокимиятига келганимни, муҳр уйдаги сейфдалигини, отамга хабар жўнатиб, муҳрни келтиришини сўрашимни билдирдим. Муҳр талаб қилинаётганининг сабаби эса тумандаги «Илҳом» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига туман учун қишлоқ хўжалигига керак бўладиган ўрим комбайнлари ва ҳайдов тракторларининг харид қилиниши эди. Мен эътироз ўрнида айни пайтда фермер хўжалигимнинг ёнилғи мойлаш маҳсулотлари ҳамда ерларни шудгор қилиб берган бошқа бир фермер хўжалик техникасидан фойдаланганим учун қарздорлик борлигини билдирдим. Бироқ, туман ҳокими йиғилиш чоғида важоҳат билан олдимга келиб, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, 200 нафардан ортиқ фермер олдида мени муштлаб уриб, бошимнинг орқасига қаттиқ зарба бериб, уриб йиқитди. Лабларим, бурним ва оғзимдан қон кетишига қарамасдан, айтилган маблағни кўчирмасам, мендан фермер хўжалигимга тегишли бўлган ерни туман ҳокимлиги захирасига топширишим тўғрисида мажбурлаб ариза ёздириб олди. Шундан сўнг туман ҳокими ўз вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимларини уйимга юбортириб, уйдаги фермер хўжалигига тегишли муҳрни отамдан сейфдан олдирган. Ҳолатни эшитиб, қон босими кўтарилган отам, маблағ кетса кетсин, ўғлим омон бўлсин, деб муҳрни сўраб келганларга топширган.

Муҳрни келтиришгач, ҳоким яна бошимда туриб, фермер хўжалигимдан 25 миллион сўм маблағни бошқа ҳисобга ўтказиш учун ёзувлари қайд этилмаган тўлов топшириқномасига муҳр ва имзоимни мажбурлаб ёздириб олди. Тўлов топшириқномасини мажбурлаб имзолатгач, фермер хўжалигимга тегишли бўлган ерларни туман ҳокимияти захирасига топширишим тўғрисида мажбурлаб ёздиришган аризамни қайтариб беришди. Аммо, менинг шифокор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилмаслигим учун тунги соат 24 га қадар мажлислар залида ушлаб турди. Ярим тунда соғлигим ёмонлашгани ва қон босимим ошгани боис, туман ҳокимлигидан чиқибоқ, ўғлим мени вилоят касалхонасига келтирди», – дейди «Шуҳрат»  фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматов.

«Тунги 01:10да вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан олотлик фуқаро Ориф Дурматов «Тез ёрдам» машинасида республика шошилинч ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинди. Нейрохирургия бўлимига ётқизилди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатдик. Бош энса соҳаси ва ўнг кўз атрофида юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси қўйилди», – деб тасдиқлади нейрохирургия бўлими бошлиғи Муҳсин Ражабов.

Олот тумани ҳокими Шерали Саломов ҳақиқатан ҳам йиғилиш пайтида, мансаб ваколатидан четга чиқиб, қасддан фермерни урган ва муштлаган. Устига-устак унинг фермер хўжалигига тегишли маблағни мажбурлов-қистов йўли билан бошқа мақсадларга йўналтирган.

«Мен мажлис аввалида қатнашмадим. Аммо воқеа жойига келиб қолдим. Уларни ажратдим. Айни пайтда иш прокуратурага оширилган. Тергов жараёнларида ҳар бир масала ойдинлашади. Бироқ, ҳеч ким бировнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зиён етказишга ҳақи йўқ», – изоҳлади Олот туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаев.

Тумандаги бир нечта фермер хўжалик раҳбарларининг билдиришича, ҳокимнинг фермерларга нисбатан бундай муомаласи, муносабати биринчи маротаба эмас.

«Фермерлар билан бўлган аксарият мажлисларда туман ҳокими, албатта, қайсидир фермерни уради, дўппослайди. Ўша кун ҳам мен фермер Ориф Дурматовнинг ноҳақ дўппослангани, унга нисбатан нотўғри ҳатти-ҳаракатда бўлишганини айтдим. Лекин мени ҳам милиция қўлимдан судраб, залдан чиқариб юборди... Биз «ғинг» десак, қўлингдан ерингни оламан, дейишади. «Ноним ярим бўлмасин», деб кўпчилик фермерлар қўрқишади. Олот туманидан адолат излаш фойдасиз», – деди 73 ёшли фермер Бектемир Қораев.

Туман ҳокими Шерали Саломов топшириғи билан «Шуҳрат» фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан мажбурий тарзда ёзувлари қайд этилмаган тўлов топшириқномасига муҳр ва имзо мажбурлаб ёздириб олингач, туман МТПга 10 миллион сўм, «Илҳом» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўрим комбайнлари ва ҳайдов тракторларининг хариди учун 15 миллион сўм маблағ  кўчирилган.

«Туманда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда бу ташаббусга мен ҳам ўз ихтиёрим билан улуш қўшишдан қочмайман. Аммо, ўз қарздорлигимни ёпгач, топшириқни бажаришдан қочмас эдим. Пул, маблағ, бойлик... меҳнат қилсанг топилади. Аммо, икки юздан ортиқ туман халқи олдида ҳокимнинг иззат-нафсимни топтаб, уриб, муштлаганини, ҳатто, афт-ангорим қонга беланиб, қон босимим ошганда ҳам ўзимга келишим учун на шифокор чақиргани, на чиқишга рухсат берганини, ушлаб ўтирганини ҳалиям қабул қилолмайман. Инсоннинг қадри-қиммати, ҳуқуқи топталадиган даврда яшамаяпмиз, ахир...», – сўзида давом этади Ориф Дурматов.

Мазкур масала юзасидан туман ҳокими Шерали Саломов билан телефон орқали боғландик:

«Тумандаги «Пахтакор» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида 18 та фермер хўжалик фаолият юритади. Маълумки, туман иқтисодиётини ривожлантириш учун юртимизда, аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасига эътибор қаратилади. Шу нуқтаи-назардан, туманда мавжуд жами 337 та фермер хўжаликлари раҳбарлари билан йиғилишлар ўтказиб турилади. Айнан шу ҳуддудда комбайнларнинг эскирганини инобатга олиб, бунинг учун бирорта фермер хўжалигини танлаб, унга пул кўчириш орқали суғурта пули билан бирга жами 300 миллион сўм эвазига янги комбайн олиш таклифини бердим. Йиғилиш жараёнида фермерлар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб, иқтисодий ҳолати нисбатан юқори бўлган «Илҳом» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига пул кўчиришга ўртоқлашдик. Бироқ, Ориф Дурматов шундай масала борасида бундан олдин ҳам икки марта йиғилиш ўтказганимизга қарамай, мажлисларда қатнашмади. Лекин ўша кунги ҳолат юзасидан мени шу даражага олиб борган фермернинг ҳаракатини  бутун зал кўриб турди. Мен фермер хўжалиги раҳбарини ўз шахсий манфаатим йўлида урмадим. Вилоят марказидан қарийб юз километр узоқда, чўл зонасида жойлашган туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерлар фаолиятини янада жонлаштириш мақсади учун ҳам шу таклиф-ташаббус билан чиққан эдим. Аммо ўша пайтдаги ҳолатим, хатти-ҳаракатим учун фермернинг хонадонига ҳам бордим. Ҳоким – бу халқ хизматчиси, мен ҳам оддий инсон сифатида, бир неча бор узримни ҳам сўрадим. Касалхонагаям сўроқлаб бордим. Истаймизми-йўқми, иш жараёнида хато, камчиликлар бўлади. Мақсад эса туман салоҳиятини кўтариш, ҳар бир соҳада тартиб-интизом ўрнатиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш. Мен бир нарсага ишонаман, келгусида ушбу фермер хўжалик раҳбари билан бошқалар қатори яна ҳамжиҳатликда, келишиб, ишлаб кета оламиз».

«Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовнинг икки нафар фарзанди  икки олийгоҳда тўлов-шартнома асосида таҳсил олади.

«Айнан ўша йиғилишда иштирок этмаганим боис, ҳолатга баҳо бера олмайман. Аммо, Орифжон оғир, босиқ, мулоҳаза билан иш юритадиган, танти йигитлардан. Фарзандлари ҳам ақлли, билимли. Маҳаллада, ибратли, намунали оила. Яна нима ҳам дея олишим мумкин бу ҳақда...», – дейди маҳалла фаолларидан бири.

Олот тумани ҳокими томонидан уриб, муштланган, кўпчилик олдида инсонийлик ҳуқуқлари топталган фермер Ориф Дурматов қонун томонидан адолатли қарор қабул қилиниши истайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг