Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмаота суди фотографнинг ҳукуматга даъвосини қисман қаноатлантирди

Олмаота суди фотографнинг ҳукуматга даъвосини қисман қаноатлантирди

Иллюстратив сурат.

Фото: «Express-k.kz»

Олмаота суди фотографнинг ҳукумат билан баҳсида акимат(ҳокимият)ни «муаллифлик ҳуқуқини бузган» деб топди. Бу ҳақда «Tnews.uz» нашри Қозоғистон ОАВ маълумотларига таяниб хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, судья Аида Абилмажинова «муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун» ҳокимиятга фотограф Сарсенбек Қизайбекулига 680700 тенге — 300 ойлик ҳисоб кўрсаткичи (ОҲК) — тўлаш мажбуриятини юклади.

Қизайбекули Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Олмаота акимати устидан судга ариза берган эди. Чунки улар «Рухани жангиру» («Жамоатчилик фикрини модернизация қилиш») давлат дастури тарғибот кампанияси вақтида фотографга тегишли бўлган суратдан рухсатсиз фойдаланишган.

Ариза берувчининг адвокати Бауиржан Айдарбековнинг айтишича, у суд қароридан қониқиш ҳосил қилмаган ва қарор устидан шикоят қилмоқчи. Адвокатнинг сўзларига қараганда, суд қарорига кўра тўлов 2017 йилда ўрнатилган ОҲК бўйича тўланади.

— Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши иши бўйича нафақат ички ишлар бошқармаси, балки маданият ва спорт вазирлиги ҳам масъулдир. Бироқ суд қарорида вазирлик жавобгар сифатида кўрсатилмаган. Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши масаласида бериладиган товон — 300 баробар ОҲК етарли эмас, — дейди Бауиржан Айдарбеков.

Қизайбекули ўз даъвосида вазирлик ва акиматни жавобгар сифатида кўрсатган ва товон сифатида бир ярим миллион тенге берилишини талаб қилган. Қизайбекулининг айтишича, унинг 2014 йилдаги машҳур асари — болакай ва ов қуши акс этган сурат август ойидан бери ўзининг рухсатисиз айрим минтақаларда «Рухани жангиру» дастурида иллюстрация сифатида тарғибот материалларида ишлатиб келинмоқда. Жавобгарлар эса судда фотосурат очиқ манбалардан олинганини таъкидлашган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг