Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурор этиб тайинланганига 1 йил-у 2 кун бўлди. Хўш?
Бир неча йил Олий Мажлис Сенатига раҳбарлик қилган Ниғматилла Йўлдошев ўтган йилнинг 20 июнь куни Ўзбекситон Республикаси Бош прокурори вазифасига тайинланганди. Шу муносабат билан «Телеграм»даги каналларнинг бирида ижтимоий сўров ўтказилди.
Аноним шаклда ўтказилган сўровномада ҳозирга қадар 5500 мингга яқин фойдаланувчи иштирок этган. Шунга қарамай, тармоқ фойдаланувчилари ижтимоий ҳаётнинг нисбатан фаол қатлами экани, мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни изчил кузатиб, ўз қарашларини билдириб боришлари эътиборидан сўров натижалари мамлакат Бош қонун посбонининг бир йиллик фаолияти хусусида муайян тасаввур бериши мумкин.
Сўровнома натижаси чакки эмасдай. Тўғри, иштирокчиларининг учдан биридан кўпроғи (31 фоиз) тизимда ўзгариш бўлмаганини билдиради. Бу табиий. Негаки, мамлакат тарихидаги олтинчи Бош прокурорга ўтмишдошларидан оғир мерос қолгани ҳеч кимга сир эмас. Қисқа вақт мобайнида бирин-кетин бир эмас, уч нафар Бош прокурор жиноий жавобгарликка тортилиши тизимни асоратсиз қолдирмаслиги тайин. Шундан келиб чиқилса, бир йил ичида тизимда фавқулодда ўзгаришлар кутиш анчайин иложсиз, негаки, касал ботмонлаб келиб, мисқоллаб кетади. Шунга қарамай, 46 фоиз иштирокчи тизимда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётганини эътироф этмоқда. Сўровноманинг 4-банди («гап-сўзларга қаранганда сал ўзгариш бор») моҳиятан 1-бандга яқинлиги («ҳа, прокуратура анча очилиб боряпти») ҳам инобатга олинса, ижобий кўрсатгич (46+8) 54 фоизни ташкил этади (15 фоиз иштирокчи «прокуратурага ишим тушмаган, билмайман», деб жавоб қайтарган).
Демак, натижа ростанам чакки эмас. Аммо мезон баландроқ олинса, дўппини осмонга отишга ҳали эрта. Зеро, «халқ прокуратура»сига айланишга қаттиқ даъво қилаётган тизим учун 31 фоизнинг қуввати 54 фоиздан оғирроқ келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter