Навоийда қорамоллар заҳарли ўтдан ўлаётгани ҳақидаги хабарга ойдинлик киритилди
Маълумки, баҳорда аҳоли хонадонларида парваришлаб келинган қорамоллар яйловзорларга боқиш учун чўпонларга бериб юборилади.
Навоий вилоятида «моллар заҳарли ўтдан ўлаяпти», деган миш-мишлар тарқалди. «Navoitoday» бу масалада мутасадди идораларга мурожаат қилди.
Вилоят ветеринаря ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси давлат ветеринария назорати бўлими бошлиғи Бахтберген Жузбаев чорва молларининг оммавий ўлиш ҳолатлари кузатилмаётгани, юқоридаги гаплар асоссиз эканлигини билдирди.
– «Кампирчопон» деган ўта заҳарли ўсимлик мавжуд, – дейди вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори Шамсиддин Боймуродов. – Бу ўсимлик айниқса, ёмғир ҳаддан зиёд ёғганда кўпаяди. Ҳайвонлар ушбу ўсимликдан заҳарланиб ўлиши мумкин. Бироқ, марказимизга бу борада бирорта мурожаат ёки шикоят келиб тушгани йўқ.
– Нуротада 4 та масъулияти чекланган жамият ҳамда 96 та фермер хўжаликларида чорва ҳайвонлари парваришланмоқда, – дейди туман ветеринария бўлими раҳбари Баҳром Бобомуродов. – Бу йил ҳар доимгидан-да ўзгача келди. Ўт сероб. Чорва йили бўлди. Мен 2012 йилдан буён туманда бош ветеринарман. Ҳали бирор маротаба қорамоларнинг оммавий ўлим ҳолатига дуч келганимиз йўқ. Ҳатто дағалхашак танқис бўлган пайтларда ҳам бу кузатилмаган. 12 турдаги вакциналар билан чорва ўз вақтида эмлаб келинаяпти.
«Албатта, миш-миш бекорга келиб чиқмайди. Айрим ҳудудларда бир нечта чорва молларининг нобуд бўлиши мазкур ҳолат келиб чиқишига сабаб бўлган. Аслида эса вазият бутунлай бошқа» дейилади хабар якунида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter