Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Навоий камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланиши шарт» — Президент

«Навоий камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланиши шарт» — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Навоийда 2023 йилда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қўшимча 655 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 750 миллиард сўм ресурс ажратилади. Бу ҳақда сессияда давлат раҳбари таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, аграр соҳа, ичимлик суви ва автомобиль йўллари лойиҳаларига қўшимча 180 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Бу имкониятлардан фойдаланиб, келаси йил 240 минг аҳоли бандлигини таъминлаш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

«2023 йил якуни билан Навоий камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланиши шарт ва зарур», деди давлатимиз раҳбари.

Туман ҳокимлари ҳар ой маҳаллий кенгашга маҳалла раислари ва фаоллари олдида  ҳисобот бериши таъкидланди.

Бундан буён вилоятда Администрация вакиллари иш олиб бориши, улар вилоятда аҳолини қийнаётган муаммоли масалаларни тезкор ечиш масалалари билан шуғулланиши қайд этилди.

Президентимиз Навоий вилоятини республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи ташаббус - вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлади.

Бунинг учун барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатилади. Барча сув насосларини самарали ишлатиш тизими йўлга қўйилади.

Иккинчи ташаббус - «Яшил макон» лойиҳасини амалга оширишда вилоят намунавий ҳудудга айлантирилади. Бунинг учун:

- барча фермерлар томонидан дала четларига тут ва узум экиш тизими йўлга қўйилади;

- вилоятнинг 330 маҳалласи ва хонадонларда райҳон ва ялпиз экиш, қайта ишлаш ва сотиш намунавий тизими яратилади.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилиб, алоҳида имтиёз ва преференциялар жорий қилинади.

Учинчи ташаббус - яйловларни ишга солиш орқали эчкичилик ва қўйчиликни кескин ривожлантириш.

Вилоятга 200-300 минг бош эчки ва қўй олиб келинади ва алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Тўртинчи ташаббус - вилоятда инфратузилма объектлари қурилишида ресурсларни 30 фоизгача тежаш намунаси.

Ушбу ташаббусни амалга оширишга, коррупциясиз шаффоф тизим яратишга  вилоят прокурори масъул бўлади. Сектор раҳбарлари бу тизимни ишлатади.

Янги ҳоким ва барча сектор раҳбарларига ушбу ташаббусларни амалга ошириш орқали бир йил давомида вилоятни ишсизлик ва камбағаллик тўлиқ бартараф этилган ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқлар берди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари Навоий аҳлига эзгу тилакларини билдириб, барчага янги муваффақиятлар тилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг