Наманганда ноёб операция амалга оширилди
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирбек Абдуллахановнинг ташаббуси билан илк маротаба урология соҳасидаги ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вилоят марказида жойлашган диагностика марказида россиялик таниқли шифокор, Илья Мечников номидаги Шимолий-ғарбий давлат тиббиёт университети масофавий литотрипсия кафедраси мудири, Санкт-Петербург шаҳридаги Александровская шифохонаси урология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Олег Бурлака наманганлик ҳамкасблари билан бирга лазер ёрдамида простата аденомаси тугунчаларини тиғсиз ажратиб олиш жараёнини амалга оширди.
Авваллари мазкур йўналишдаги жарроҳликдан сўнг бемор уч кун давомида тўшакка михланиб ётишга мажбур бўларди. Фарғона водийсида илк бор Наманганда киришилган бундай тиғсиз амалиётдан кейин бемор бир кунда соғайиб уйга қайтади.
«Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан бирга жиддий урологик жарроҳлик амалиётини жаҳон тиббиётидаги сўнгги тажрибаларга таянган ҳолда ўтказдик. Жараён гарчи мураккаб бўлса-да, Наманганда яратилган қулай шароитлар туфайли муваффақиятли адо этдик. 60 ёшдан ошган тўрт нафар беморда ҳаётга бўлган ишонч ва хурсандчилик уйғотганимиздан мамнунмиз. Тўғриси, замонавий шарт-шароитлар ва дунё стандартларига тўла жавоб берувчи жиҳозлар эътиборимни тортди. Наманган вилоятида юқори салоҳиятга эга хусусий тиббиёт тизимида бундай муҳитдаги иш, назарий ва амалий ҳамкорлигимизни келгусида ҳам давом эттиришга ишонч пайдо қилади», – дейди россиялик шифокор Олег Бурлака.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter