Наманганда ДХМнинг яна бир янги биноси ва Бош вазир қабулхонаси очилди
Наманган вилоятида яна бир давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлат хизматлари агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоиловнинг таъкидлашича, 2019 йилда вилоятнинг қолган 10 та туман ва шаҳарларида худди шундай марказлар барпо этилади.
Поп тумани Наманган вилоятининг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларидан биридир. Бугун туманда 212 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Попда янгидан барпо этилаётган бинолар туфайли кўчалар кўркам қиёфага кирмоқда. Халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари кун сайин ўзгараётгани эътирофга лойиқ. Туманда «Обод марказ» дастури доирасида бир қатор ижтимоий обьектлар қуриб фойдаланишга топширилди. Ана шулардан бири давлат хизматлари маркази биносидир.
Бетакрор дизайн ва мукаммал меъморий ечим билан қурилган марказ попликларнинг серқатнов масканига айланди.
Жорий йилда Поп тумани давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 7 минг нафарга яқин фуқарога давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, эндиликда қулай ва шинам бинода фуқароларга бир қатор қулайликлар яратилди.
Банк хизмати, фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими ҳам марказ биносида фаолият юритади. Биометрик паспорт бериш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириб бериш хизмати ҳам марказдан чиқмасдан амалга оширилади. Шунингдек, бинода Халқ қабулхонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кутубхона, инвесторлар учун махсус хона, анжуманлар хонаси мавжуд. Йўлга қўйилган бепул wi-fi марказга ташриф буюрадиган фуқаролар беминнат фойдаланишлари мумкин.
Мазкур марказда Бош вазир қабулхонаси ҳам ташкил қилинди.
Эндиликда, муаммо ва таклифлар билан келган тадбиркорлар қулай шароитларга эга бўлган Давлат хизматлари марказларида тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида қабул қилинадилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter