Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мубашшир Аҳмад, Музаффар Назаров ва Нигора Умарова Блогерлар чемпионатида ҳакамлик қилишади

Мубашшир Аҳмад, Музаффар Назаров ва Нигора Умарова Блогерлар чемпионатида ҳакамлик қилишади

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Хабар берганимиздек, Блогерлар чемпионатига ижодий ишларни қабул қилиш бошланди. Чемпионат уч босқичда бўлиб ўтади. Бугун старт олган биринчи босқич 30 апрелда якунига етса, иккинчи босқич 8–22-май, финал босқичи эса 28 май - 6 июнь оралиғида ўтказилади. Чемпионат натижалари 10 июнда эълон қилинса, ғолиб ва совриндорлар 14 июнь — Халқаро блогерлар кунида тантанали равишда тақдирланади. Асосий мукофотлардан ташқари ўндан зиёд номинациялар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланади.

Блогерлар чемпионатининг барча босқичлари натижаси ҳакамлар ҳайъатининг баҳолари асосида чиқарилади. Яъни биринчи босқичдан иккинчисига ўтувчилар ҳам, иккинчи босқичдан финалга чиқувчилар ҳам, финал босқичи ғолиб ва совриндорлари ҳам фақатгина ҳакамларнинг баҳосига кўра аниқланади. Ҳакамлар ҳайъати Блогерлар чемпионати ташкилотчилари томонидан тайинланган малакали мутахассислар жамоасидан иборат.

Кеча, 11 апрель куни Блогерлар чемпионати иштирокчиларининг ижодий ишларини баҳолаб борадиган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу рўйхатда ўзгариш бўлгани сабабли бу ҳақда ўқувчиларга маълум қилишни лозим топдик. 

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари сафига «Azon.uz» сайти асосчиси ҳамда «QAQNUS MEDIA» нашриёти директори Мубашшир Аҳмад, Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Музаффар Назаров, фрилансер-журналист Нигора Умаровалар қўшилишди.

Аввалги Блогерлар чемпионатларида ўз иштироки билан ўқувчилар меҳрини қозонган журналист ва блогер Соҳиба Ҳайитбоева эса айрим сабабларга кўра ҳакамлар ҳайъатини тарк этди. Унинг бу қарорга келишига «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали таҳририяти ёхуд чемпионат ташкилотчиларининг алоқаси йўқ.

Блогерлар чемпионати ҳакамларининг тўлиқ рўйхати ушбу ҳаволада келтирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг