Моддият қалбимизни кўр қилмоқдами? Биз унутаётган тушунчалар...
Қандай севиш керак болаларни...
Иккинчи жаҳон уруши даврида немислар учун яҳудийлар инсон саналмаган. Уларга ҳайвондан ҳам бешафқат муносабатда бўлишган. Болалар уйида ишлаган поляк ёзувчиси, педагог-тарбиячи Януш Корчак асирликда ҳам ҳар қанақасига тарбияланувчиларга ёрдам беришга ҳаракат қилган. Унинг тарбияланувчилари ўзларини ўзлари эплай олишган, ҳатто кийим-бош тикишган.
Варшава геттоси — яҳудийларнинг барча ҳуқуқлари чекланган ҳолда сақланадиган жой. Януш Корчак шу ерда ҳам болаларга таълим-тарбия бериш билан шуғулланади. Атрофда ажал шамоли эсаётганини англаб, ҳеч бўлмаганида болаларнинг хотиржам ўлишлари учун муҳит яратишга ҳаракат қилади. Ўша пайтлари фашистлар геттода яшаётган яҳудийларни навбати билан отишни бошлайди. Буларнинг барчаси болалар кўз ўнгида содир этилиши жуда азобли ҳол бўлса-да, Януш Корчак уларга таълим-тарбия беришда давом этаверади.
1942 йилнинг ёзида Корчакнинг етимларини депортация қилишга қарор қилишади. Депортацияки, ҳар ҳолда яхшироқ жойга эмас. Шунда Януш Корчак гетто раҳбарларини унинг «болалари» немислар учун ишлаши, яъни кийим тикиб бериши мумкинлигини айтади ва болаларни олиб қолишга эришади.
Лекин барибир 1942 йилнинг 6 августида болалар уйининг 192 нафар тарбияланувчиси Треблинкага жўнатилади. Улар билан бирга Корчакнинг яқин дўсти Стефания ва яна 8 нафар катта ёшли одамлар ҳам бирга кетади. Януш Корчак машҳур, таниқли инсон бўлгани учун уни қутқариб қолишга кўпчилик ҳаракат қилади. Аммо у болалар билан бирга бўлиш учун ҳар қандай ёрдамни рад қилади.
Болаларни вагонга чиқариш тугагач, унинг олдига немис офицери келади ва: «Қирол Матиуш»ни сиз ёзганмисиз, — деб сўрайди. — Мен бу китобни ўқиганман болалигимда. Жуда яхши китоб. Сиз озодсиз, деган гапни айтади.
- Болалар-чи?
- Болалар лагерга кетади, сиз эса қолишингиз мумкин.
- Бекорларни айтибсиз. Мен улар билан кетаман, ҳамма одамлар сиз ўйлаганчалик тубан эмас.
Польшалик тарихчи Эммануэль Рингельблюм бу ҳақда шундай эсдаликларини қолдиради: «Буни мен ҳеч қачон унута олмайман. Болалар немис ёвузларига қарши исёнини бошларини баланд кўтарганча, шахдам қадамлар билан бир қаторга тўрт нафардан туриб вагонга чиқиб кетишда исботлашди. Корчак бўлса, уларнинг олдида энг кичик икки боланинг қўлидан ушлаганича бошини баланд кўтариб кетиб борарди. Уларни кўриб биздан сўрашди: «бу одам ким?». Мен кўз ёшларимни яшириш учун юзларимни беркитдим».
Януш Корчак болалар билан Треблинка лагеридаги газ камерасида вафот этди. У газ камерасида ҳеч нарсадан хабари йўқ икки нафар болакайнинг қўлларидан ушлаганича, уларга эртак айтиб ўтирарди...
Фарзандларим ёш пайтида ёзувчининг «Как любить ребёнка» деган китобини ўқиган эдим. Биографиясида унинг уйланмагани ва фарзанди йўқлиги ёзилган. Бунга сабаб унинг отаси бир неча бор руҳий-асаб касалликлари шифохонасида даволанган. Януш Корчак бу руҳий хасталикнинг фарзандларида ҳам давом этиши мумкинлигини истамагани учун ҳам оила қурмайди! Гарчи ёшлигида қизларни жуда кўп марта севиб қолган бўлишига қарамай, бирорта аёлга севги изҳор қилмайди. Аммо умрини болаларга бағишлайди. Улар билан бирга газ камерасида жон беради.
100 нафар боланинг отаси
Вьетнамда яшайдиган Тонг Фуок Фук баъзи бағритош оналардан кўра олижаноб чиқиб қолди. У ҳомиладор хотинини туғруқхонага олиб борганида қайғули ҳолатни кузатади. Жарроҳлик хонасига кирган аёллар кўзида ёш билан чақалоқсиз чиқиб келарди. У аёлларнинг ўз фарзандидан қандай қилиб шу тахлит воз кечиши мумкинлигини ва ҳатто инсондек қабрга қўйишни раво кўрмаслигини тушунмайди. Шунда гарчи маблағи ошиб-тошиб кетмаган, ўзи ночор аҳволда яшаётган бўлса-да, йиғиб юрган пулига Хот Том тоғидан ер сотиб олади ва аборт қилинган болаларни ўша ерга кўмади.
У бу қабристонни кўрган оналар балки фикридан қайтар, деган умидини сўндирмайди. Дастлабки икки йилда Тонг 10 000 нафар ҳомилани қабрга қўяди. Тез орада бу иши самара бера бошлайди. Унинг олдига иқтисодий шароити оғир бўлгани учун боласини ўлдирмоқчи бўлган биринчи аёл ташриф буюради ва фикридан қайтади, яъни Тонг у туққач боласини ўзига олади, кейин бошқа аёллар ҳам кетма-кет Тонгга мурожаат қилади.
Хуллас, Тонгнинг ҳозир 100 нафардан зиёд фарзанди бор. Агар дунёга келган боланинг онаси иқтисоди ёки вазият ўнглангач олиб кетаман деб келса, болани бериб юборади. Она излаб келмаса, гўдакни ўзига фарзандликка расмийлаштиради. Тонг Фуок Фук «Сўнгги нафасимгача бу ишимни давом эттираман», дейди.
Маошини ўқувчиларига бўлиб берадиган ўқитувчи
Яқинда дунё бўйлаб ажойиб хабар тарқалди. «Minbar.uz» сайти бу ҳақда «Қандай қилиб роҳиб дунёнинг энг яхши муаллимига айланди» сарлавҳали каттагина мақола тайёрлади. Мақолада таъкидланишича, БААда топширилган «Global Teacher Prize» — «Varkey» хайрия жамғармасининг йиллик мукофотини (бир миллион доллар) бу йил дунёнинг энг яхши муаллими сифатида Кениядаги ўрта мактабда дарс берувчи роҳиб Петер Табичи қўлга киритди.
36 ёшдаги бу муаллим Кениянинг Пвани қишлоғидаги Керико ўрта мактабида ишлайди. Мактабда ҳар бир ўқитувчи 60-70 нафардан ўқувчини ўқитади. Болаларнинг кўпчилиги мактабга бир неча километр масофадан пиёда қатнайди. Петер ҳар ой маошининг 80 фоизини камбағал ўқувчилар ва қишлоқдаги қашшоқ оилаларга бўлиб беради.
Унинг онаси ёшлигида вафот этган. Петернинг отаси ҳам муаллим бўлган, у ўғлига камтар, хушчақчақ, сахий ва тақводор бўлишни ўргатган.
12 йилдан бери дарс бериб келаётган Табичининг тажрибалари шуни кўрсатадики, ўқитувчи ўқувчиларга фақат сабоқ бериб қолмасдан, уларга маслаҳат бериши, яқин дўстга айланиши, ўзаро ҳурмат, бировга дарддош бўлиш ҲИСсини ҳам тарбиялаши керак экан.
Мактабда, тасаввур қилаяпсизми, 4-8-синф ўқувчилари учун биттагина компьютер ва биргина проектор бўлиб, муаллим шундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.
«Global Teacher Prize»нинг шорт-листига киргани маълум бўлгач, Табичи агар миллион долларни ютиб олса, уни ҳам ўз мактаби ва жамоасига ҳадя қилишини айтади: «Мен пулни мактаб компьютер лабораториясини ривожлантиришга ва интернетга яхшироқ уланишига тикаман. Пулнинг бир қисмини истеъдодли, лекин муҳтож ўқувчиларни қўллашга, қишлоқда полизчиликни ривожлантириш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга сарфламоқчиман». Унинг айтишича, тўрт нафар ҳамкасби билан биргаликда иқтисоди оғир болаларга ҳам бепул сабоқ беришаркан.
Ўтган йили уларнинг мактаби ўқувчилари Кения фан ва техника ярмаркасида мамлакат миқёсидаги мусобақада биринчи ўринни олди. Математика жамоаси эса Аризонада ўтказиладиган INTEL-2019 халқаро илмий-техник ярмаркасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди...
Биз унутаётган тушунчалар
Бизнинг фарзандларимизга, ўқитувчиларнинг ўқувчиларга бераётган таълим-тарбиясида, аввало, шахсий ўрнак етарли эмас. Яъни, болаларга юқоридаги — Януш Корчак, Петер Табичи ва Тонг Фоук Фукдек олижаноблик, фидойиликда ўрнак кўрсатолмаймиз. Ёшларга одоб-ахлоқдан сабоқ берамиз: «Ўзингдан катталарга жой бер», «қўлинг кўксингда салом бер», «ўзингдан катталарга гап қайтарма», деймизу, аммо олижаноблик, фидойилик нима — ҳеч тушунтирмаймиз. «Мен фарзандимга сен олижаноб инсон бўл, сен фидойи бўл деб ўргатаман» дея оласизми?
Олижаноблик, фидойилик, инсонийлик нима деган саволни фарзандларингиз сизга берганми? Шахсий ҳаётингизда мана шундай фазилатлар билан ибрат бўла олганмисиз? Афсуски... Бировга зарарингиз тегмаётган, бировнинг дилини оғритмаётган, ҳалол ва меҳнаткаш бўлишингиз мумкин, аммо инсонийлик сифатларига шуларнинг ўзи етарлими?
Менимча, бу сўзлар мактабларда ҳам ҳеч қачон ишлатилмайди. Кўпроқ мулозаматни ўргатамизу, инсонийлик фазилатлари эсдан чиқиб кетади. Мактабда ўқитувчи болани турткиласа ёки танбеҳ берса, кўпинча «ойлиги кам бўлгач уради-да», «ўқитувчиларга яхши ойлик берса ўзлари учун ўқитади», деган фикрларга дуч келамиз. Умуман, ҳар қандай соҳадаги масъулиятсизликни моддийликка боғлаймиз. Тарбияланмаган, сайқалланмаган ФИДОЙИЛИК, ОЛИЖАНОБЛИК каби инсоний фазилатларни моддийлик ниқоби билан қачонгача бекитамиз?..
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter