Мирзиёев Андижон мебеллари кўргазмаси билан танишди (фото)
Давлатимиз раҳбари «Андижон саноат хаби»да вилоятда ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси билан танишди.
Андижон вилоятида 377 та мебелсозлик корхонаси фаолият юритмоқда. Сўнгги 5 йил давомида мазкур йўналишда 35 миллион долларлик 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Мебель ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 15 баробарга ортган.
Мебелсозлар учун солиқ, божхона тўловлари бўйича қатор имтиёзлар жорий этилганлиги, экспортдаги харажатлар ҳамда хориждан жалб этилган мутахассислар иш ҳақининг қисман қоплаб берилиши соҳа вакилларига катта рағбат бўлмоқда.
Бугунги кунда йилига 300 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, минтақа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Президентимиз шундай корхоналар таъсисчилари билан суҳбатлашди.
- Ўтган йиллардаги энг катта ютуқлардан бири тадбиркорларимизда онг ўзгарди, ишонч ортди. Бугун рақобатдош бўлиб, дунёга чиқяпти. Булар ҳам фаолиятини оддий ишдан, маҳалладан бошлаган. Бошқалар ҳам шундай қилса бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Андижон вилоятида 41 та маҳалла мебелсозликка ихтисослашган. Масалан, Олтинкўл туманидаги Ижтимоят маҳалласида 490 та хонадонда мебель тайёрлаш кооперация усулида йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, якка тартибда рўйхатдан ўтган ва ўзини ўзи банд қилган ҳунармандлар ҳам кўп. Минглаб ёшлар «Устоз-шогирд» анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Шу боис мебелчиликни янада ривожлантириш бўйича иш олиб борилмоқда. Андижон ва Олтинкўл туманларида бунга ихтисослашган 2 та саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Ушбу тажриба асосида вилоятдаги 909 та маҳалланинг имкониятларини ўрганиб, сердаромад йўналишларга ихтисослаштириш чоралари муҳокама қилинди. Бунинг учун давлат томонидан инфратузилма яратилиб, моддий-ташкилий жиҳатдан кўмак берилади. Мақсад - Андижон вилоятини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга интилиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter