Матбуотнинг юки енгил эмас (биринчи мақола)
Бугунги матбуотнинг аҳволи оғир юк кўтариб кетаётган карвонга ўхшайди. Манзил узоқ, қаерда тўхташни билмайди. Унинг юки шу қадар залворлики, масъулиятини бошқа биров кўтаролмайди. Бу айниқса, бугунги замон ва маконни ахборот бошқараётган даврда янада долзарблик касб этаётир. Шунинг учун ҳам давлат ислоҳотлар тадрижийлигини таъминлаш, одамларни шунга ишонтириб эргаштириш мақсадида босма ва электрон нашрлар кучидан фойдаланади. Том маънода, уларнинг буюртмачисига айланади.
Бундай масъулиятли вазифани ким бажаради? Биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий руҳдаги давлат ва нодавлат нашрлар ахборот майдонига чиқади. Бундан манфаатдор давлат эса табиийки, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга кўмаклашади. Нега? Чунки бугун негадир ҳеч ким, хоҳ у зиёли бўлсин, хоҳ у бизнесмен жиддий, одамни мушоҳадага чорловчи, фуқаролик фаоллигини оширувчи, ислоҳотларга даъват этувчи газета ва журналларга ихтиёрий обуна бўлишни истамайди.
Кейинги йилларда ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Турмушимиз тобора енгиллашиб, тинчлик ва осойишта ҳаётга кўникдик. Бу табиийки, тафаккур тарзимизга ҳам таъсир кўрсатди, нафақат фарзандларимиз, ўзимиз ҳам енгил ҳаётга ўргана бошладик. Фикрлашга ундайдиган нарсалардан иложи борича узоқроқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Давлатнинг эртанги тараққиёти, халқнинг маънавияти, болаларимизнинг келажаги, биздан уларга қандай Ватан мерос бўлиб қолишини кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз.
Ўтган даврда сон жиҳатдан бир неча ўн баробар ошган ОАВ ҳам одамларнинг ана шу талабига мослаша бошлади. Енгил ўқиладиган адабиёт (агар буни шундай аташ мумкин бўлса), матбуот пайдо бўлди. Афсуски, уларнинг бозори ҳали-хануз чаққонлигича қолмоқда. Бунинг таъсирида давраларда маънавият гурунглари йўқолди. Китоб мутоласидан сўнгги мушоиралар, бахс-мунозаралар ўрнини ғийбат, миш-миш ва бўхтонлар эгаллади. Бугун йиғин ва «гап»ларда ҳаётимиздаги ўзгаришлар, мамлакатнинг стратегик йўналишлари муҳокамасини эмас, қайсидир отарчи ҳақидаги қизғин мунозараларни кузатамиз.
Натижада меҳнатга бўйни ёр бермайдиган, бир-бирини чув туширган, бировнинг устидан мағзава ағдаришдан тоймайдиган, турмушнинг мазмунини фақат кайф-сафодан иборат деб биладиган ёшлар сони ортиб бораётир. Ўсмир ёшдаги ўғил-қизингизнинг гурунгига қулоқ солганмисиз? Улар Олий Мажлисда қандай масалалар муҳокама қилинаётгани, ижтимоий-сиёсий жабҳалардаги ўзгаришларни эмас, ўзбек тилида бирор сўзни аниқ талаффуз қилолмайдиган «юлдуз»нинг қаерда ҳордиқ чиқараётгани ҳақида кўпроқ билишига амин бўласиз. Ёки қайси бир хориж сериалидаги шарму ҳаёдан йироқ воқеаларга банди бўлиб қолганини кузатасиз. Нафақт ёшлар, айрим савлат тўкиб юрган зиёлилар билан суҳбатингиз ҳам жуда жўн бўлади.
Бўлган воқеа. Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган худудлардаги халқ билан мулоқотда комиссия аъзолари вилоятдаги колллежлардан бирининг фаолиятини ўрганишади. Коллеж директори уларни мамнун қаршилайди. Ўқувчи-ёшлар билан бўлган учрашув жуда самарали ўтади. Қайтаётганда комиссия аъзоларидан бири директордан Экоҳаракат фаолиятига муносабатини сўрайди. «Коллежимизда бундай ҳаракат-паракатларга ўрин йўқ, ўқувчиларимизнинг бу каби ёт унсурларга қўшилиб кетмаслиги учун бор имкониятимизни ишга соляпмиз». Коллеж директорининг бундай жавобидан комиссия аъзолари ҳанг-манг бўлиб қолади.
Хўш, дунёқарашимиз бунчалик даражада торайиб, фикрларимиз ўтмаслашиб қолишига ким айбдор? Биринчи галда ўзимиз! Юки бор, бадиий қиммати юксак асарларни, наздимизда фақат мақтов, сиёсатни ёзувчи зерикарли газета-журналларни ўқимай қўйдик. Миямиздаги бўшлиқни тижорий матбуотнинг ёлғон-яшиқ ахборотлари, мазмунан саёз ҳикоя ва материаллари эгаллаб олди. Саводимиз ҳам шунга яраша шаклланди. Ҳатто оддий таржимайи ҳолимизни ҳам хатосиз ёза олмайдиган аҳволга тушиб қолдик.
Аҳолини ана шундай аянчли аҳволдан қутқариш учун нима қилиш керак? Одамларнинг саводини қайтариш, минг йиллар давомида шаклланган маънавий бойликларимизни сақлаб қолиш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш учун қандай чоралар қўллаш зарур? Фикримча, халқимизга газета-журналлар ўқиш маданиятини қайтариш керак. Ҳар бир хонадонга ҳеч бўлмаса, 3-4 марказий нашрнинг кириб боришига эришиш шарт. Чунки улар орқали давлатнинг мафкура ва ғояси ўша оилага кириб боради. Бу кундан-кунга урчиётган лисоний саводсизликка ҳам барҳам беради. Бугунги кундаги аксарият давлат ва тармоқ нашрларида ўзбек тилининг грамматик меъёрларига, стилистикаси ва пунктуацияси қоидаларига қатъий амал қилинади. Битта бўлса ҳам ижтимоий-сиёсий газетага обуна бўлган, бир йилда икки марта китоб сотиб олган хонадонда соғлом маънавий муҳит шаклланади. Оиласи тинч, фарзандлари тарбиясида нуқсон бўлмайди. Буни кўплаб юртдошларимиз мисолида айтиш мумкин, албатта.
Аслида қандай китоб ўқиш, қайси газета ёки журналга ёзилиш ҳар кимнинг шахсий танлови. Бироқ юқорида келтирилган ҳолатлар мавжудлиги учун ҳам бу жараёнга давлат аралашишга мажбур бўлаётир. Бизга қалби кўр, онги фисқу фасод билан суғорилган авлод эмас, маънавияти юксак, ҳар томонлама баркамол ёшлар керак. Бунда ҳар битта оилабоши онгли равишда у ёки бу матбуот нашрига обуна бўлиши, фарзандларини китобга жалб этиши мақсадга мувофиқдир. Шундагина, ортиқча тушунмовчиликларга, мажбурий обуна билан боғлиқ эътирозларга ўрин қолмайди.
Тўғри, бу борада ОАВ олдида ҳам қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Бу газета мундарижасини бойитишдан тортиб, ўқувчилар билан самарали мулоқот ўрнатишгача бўлган катта ижод жараёнида акс этади. Зеро, Президентимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида қайд этганидек, «Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз».
Қаҳрамон Сайдалиев
Мақола «Жамият» газетасининг 6 апрель сонида чоп этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter