Матбуотни қадрлаган халқ
Мана, олти йилдирки, Финляндия «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Американинг «Freedom House» ташкилотининг йиллик ҳисоботида ҳам ушбу мамлакат шахсий фикрларни билдириш борасида биринчи ўринга муносиб кўрилган ҳамда матбуот эркинлиги бўйича етакчи тўртликдан жой олган.
Финляндия бундай даражага эришиш, сўз ва матбуот эркинлиги бўйича жаҳонда етакчи давлатга айланиш учун узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Юз йигирма йил илгари бошланган бу жараён бугунги кунда ҳам тўхтагани йўқ — сўз ва матбуот эркинлиги учун кураш ҳамон давом этаяпти.
1898 йилда Николай Бобриков Буюк Финляндия князлиги генерал-губернатори этиб тайинланади. У ушбу лавозимда айниқса Февраль манифести ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратади. Император Николай II нинг 1899 йил 15 февралдаги фармойишида Финляндияда рус қонунлари амалда бўлиши, мамлакат сейми эса маслаҳат овозига эга бўлиши белгилаб қўйилганди. Бобриков генерал-губернаторга газеталар фаолиятини тўхтатиш ва мақолалар чоп этишни тақиқлаш ҳуқуқини берувчи цензура тўғрисидаги буйруқдан фойдаланган ҳолда фин матбуотини қатъий назоратга олади. Биргина 1899 йилнинг ўзида газеталарга 47 та огоҳлантириш юборилади, 400 та мақолани босиш ман этилади.
1899 — 1905-йиллар давомида 26 газета ёпилади, 46 тасининг фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилади. Кўплаб журналистлар ишдан бўшатилади. 1900 йилда Бобриковнинг талаби билан «Päivälehti» газетасининг ҳур фикрли бош муҳаррири Ээро Эркко вазифасидан четлатилади. Орадан уч йил ўтиб, у мамлакатдан ҳам чиқариб юборилади.
Бу орада цензорлар сони ҳам ортиб боради. Чунки 1905 йилда мамлакатда фин тилида чиқувчи 61 та, швед тилида чоп этиладиган 25 та газета мавжуд бўлиб, цензура ходимларининг иши кўпайиб қолганди. Финларни айниқса мамлакатнинг конституцион мақоми тўғрисидаги баҳсли мақолалар кўпроқ қизиқтирарди. Бобриков ва Цензура қўмитаси жамоатчилик қарашлари устидан буткул назорат ўрнатишга интилар, бу доимий эътибордаги муҳим масала ҳисобланарди. Финляндиянинг мақоми ва ташқи сиёсати хусусида ёзиш умуман мумкин эмасди.
Муҳаррирларнинг асосий иши цензура эътиборига тушган мақолаларни қайчилаш ёки бошқасига алмаштиришдан иборат бўлиб қолганди. Баъзан эса тақиқланган мавзулар киноя ёки маънодош сўзлар орқали бериларди. Лекин бу кифоя қилмасди. Мавжуд вазият, мақолаларнинг берилмаслиги ва жазо чоралари қўлланиши журналистларни ишдан совутган, газеталарда ўқувчи эътиборини жалб этадиган материаллар ўрнига қисқа хабарлар, катта-катта маърузалар ва амалдорларнинг асабига тегмайдиган мақолалар чоп этиш одатий ҳолга айланганди.
Матбуотни темир қўл билан жиловлаб туриш кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўларди. Ана шундай кайфиятдагилардан бири бўлган Евгений Шауман 1904 йил 16 июнда генерал-губернатор Бобриковга қарата сенат биноси олдида ўқ узади. Амалдорнинг ўлимидан кўп вақт ўтмай «Päivälehti» газетасида «Иван Купаланинг куни» деган кинояли сарлавҳали мақола чоп этилади. «Зулмат ҳукмрон бўлиб турган бўлса-да, афтидан унинг ҳокимияти заифлашиб бормоқда, ёруғлик ғалабаси бошланмоқда», — дейилади мақолада.
Ушбу мақола туфайли газета ёпилади. Унинг охирги сонида бу ҳақда эълон чоп этилиб, доимий қўллаб тургани учун ўқувчиларга миннатдорчилик билдирилади. Таҳририят аъзолари эса дарҳол янги газета — «Helsingin Sanomat»ни ташкил этиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этадилар.
1905 йили Россиянинг урушда Японияга мағлуб бўлиши бутун мамлакатда ғалаёнлар тўлқинини юзага келтирди. Финляндияда бошланган исёнлар натижасида цензура бекор қилинди ва 1906 йилда сўз эркинлиги, мажлислар ўтказиш ва бирлашмалар тузиш ҳуқуқини кафолатловчи конституция қабул қилинди.
Охирги марта мамлакатда фақатгина Биринчи жаҳон уруши йилларида шароит тақозосига кўра цензура яна жонланиб қолган бўлса, 1917 йилги инқилобдан сўнг цензура буткул бекор қилинди. Шундан сўнг Финляндияда сўз эркинлигини таъминлаш мислсиз даражада ривожланиб борди ва фин халқи бугунги кунда ҳам ушбу тарихий тамойилга содиқ қолмоқда.
Дилшод Исломов,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter