Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати нега ахборот беришдан қўрқади?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати нега ахборот беришдан қўрқади?

Фото: «Uzairways.com»

Кўпчилик олис сафарга чиқмоқчи бўлса, самолётда парвоз қилишни хоҳлайди. Аммо баъзи йўналишларда авиачипталарнинг қимматлиги бунга имкон бермайди. Хўш, айни кунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК тизимида қандай ишлар амалга ошириляпти? Авиакомпания яқин орада чипталар арзонлашуви била боғлиқ масалани режага киритганми? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида компаниянинг матбуот хизматига қўнғироқ қилдик.

Гўшакни кўтарган ходимдан бу борада қандай янгиликлар кутилаётгани ҳақида сўрадик. Саволимизни хушламайгина эшитган ходим ўзини таништиришни ҳам истамай, «Янгилик бўлса, сайтимизга жойлаштирамиз, ўқиб олаверасиз», деб жавоб қайтарди. Газета учун тезкор хабар зарурлиги, шу бўйича қилинаётган ишлар, кутилаётган янгиликлар ҳақида маълумот олишимиз кераклиги ҳақида айтдик. У яна ўша гапни такрорлади. Суҳбатдошимизнинг кимлигини сўрадик. Аммо у «Мен компаниянинг матбуот хизмати ходимиман, яна сизга нима керак», қабилида жавоб берди. Исмини айтишни негадир истамади.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга кўра, ахборот хизматлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек, ОАВ ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинма экани белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг матбуот хизмати мурожаат қилган ОАВга маълумот тақдим этиши ёхуд сўралган саволларга жавоб берадиган мутасадди билан боғлаб бериши керак.

Шундай экан, ўзини таништиришни хушламаётган ходимнинг «маълумот керак бўлса, сайтдан олинг», дейиши қанчалик тўғри? Сайтга жойлаштирилган янгиликни газетага чиқаргандан нима наф? Унинг янгилик сифатида қиймати қоладими? Ёки компания матбуот хизмати ходимлари хизмат ишини фақат кунора сайтга бир-иккита материал жойлаштиришдан иборат деб тушунадими? Ҳолбуки, улар биринчи навбатда ОАВни маълумот билан таъминлашга масъул саналанади.

Тизимда кутилаётган янгиликларни билмайдиган ёки билса ҳам айтишни истамаган ахборот хизмати ходими «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга фойда келтирадими, зарар? Нима учун компания матбуот хизмати ходими ўзининг бирламчи ишини қилишдан қўрқади?

Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси тизимида катта ислоҳотлар, янгиликлар бўляпти. Аҳоли ҳам бундай ўзгаришлардан мамнун. Аммо юқоридагидек ҳолатлар компаниянинг ижобий имижига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.


Ушбу мақола «Жамият» газетасининг 2018 йил 2 февралдаги сонида эълон қилинган. Энг қизиғи, шундан сўнг газета таҳририятига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати раҳбари қўнғироқ қилиб, мақола муаллифи Бекзод Ибрагимовни сўраган. У гўшакни кўтаргач, нега бу мақола ёздинг деб бақирган. Мухбир: «Эътирозларингизни ёзма равишда юборинг», деганидан сўнг таҳририятга бостириб келган. Ушбу воқеа тафсилотлари «Жамият» газетасининг 2018 йил 9 февралдаги, яъни бугунги сонида эълон қилинди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК раҳбарияти яна бир бор ўқисин! рукнида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати раҳбари таҳририятга келди» номли сарлавҳа билан эълон қилинган мақолани қуйида ўқишингиз мумкин:


«Жамият» газетасининг 2 февраль сонида «Матбуот хизмати нега ахборот беришдан қўрқади?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ДАК матбуот хизмати ходимларининг муомала маданияти, журналистга маълумот беришдаги сусткашлиги танқид остига олинган. Орадан бир неча кун ўтиб эса уларнинг нафақат ўз ишини билмаслиги, балки одоб-ахлоқ нормалари, амалдаги қонунчиликдан ҳам бехабар экани аён бўлди.

6 февраль куни авиакомпания матбуот хизмати раҳбари Феруза Қурбонова таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, мақола муаллифини — мени сўраётганини айтишди. Кўнглимдан «мақолада келтирилган камчиликлар, ходимининг қилган муомаласи учун узр сўраб, бундан буёғига ҳамкорликни кучайтириш таклифини берса керак», деган фикр ўтди. Шундай обрўли ташкилотнинг кичик бир мақолани ҳам кўздан қочирмай эътибор қаратаётганидан хурсанд бўлдим.

Аммо чучварани хом санаган эканман. Гўшакни олишим билан Ф.Қурбонова мен ёзган танқидий мақола учун раҳбардан қанча гап эшитганию, унга ва компания имижига етказган зарарим ҳақида бақириб гапира бошлади. «Мақола юзасидан эътирозлар, таклифлар бўлса, бизга ёзма равишда юборинг, жавобингизни газетада чоп этамиз», дедим гапни чўзмаслик учун. Шундан сўнг кинояли гаплар билан телефонни ўчирган раҳбар бир соат ўтиб, таҳририят эшигини тақиллатиб келди.

Наргиза исмли ходими билан келган МАК матбуот хизмати раҳбарининг важоҳатидан айбини тан олиш ўрнига мақола муаллифига таҳдид қилиш, бу билан журналистларнинг «попугини пасайтириб қўйиш» учун келганини сезиш қийин эмас эди. Бош муҳаррир ўринбосари уни қабул қилди. Аммо Ф.Қурбонова алам устида жаҳл отига минган, раҳбарга мурожаат қилиш қоидаларини унутган эди. Бош муҳаррир ўринбосари хонасига кира солиб, очиқча эътироз билдиришга ўтди.

«Нима учун бу мақолани чоп этдиларинг?» «Нима учун сарлавҳасини биринчи бетга олиб чиқдиларинг?» «Нима учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК раҳбарияти ўқисин!» деб рубрика қўйдиларинг? Ўқимаса нима бўлади?» «Нима ҳақларинг бор биз билан маслаҳатлашмай танқидий мақола ёзишга?» «Ходимимизнинг биргина қўнғироққа нотўғри жавоб бергани айб бўлдими?» «Ходимим исмини айтмаса нима бўлибди?» «Нега менинг ўзимга қўнғироқ қилмадингиз?», «Нега мақола чиқмасидан аввал менга ўқитмадингиз?»...

Хуллас, у бераётган саволларнинг чеки-чегараси йўқ эди. Ф.Қурбонованинг таҳририятга келиб эълон қилинган танқидий мақола учун журналистни таъқиб қилишининг ўзи қонунбузарлик саналади. Шундай бўлсада, бош муҳаррир ўринбосари унинг гапларини охиригача эшитди.

Бошлиғимиз чақиргани учун мен ҳам хонага киргандим. Келган икки ходим бири қўйиб бири олиб, бақира бошлади. Иккаласи ҳам бир пайтда гапирганидан унчалик тушуниб ҳам бўлмади. Мен билан телефон орқали гаплашиб, ўзини танитишдан қочган, маълумот бермаган ходимини ҳимоя қилишга ўтди.

«Ман у қизни мактабда ўқитганман, учинчи синфлигидан биламан, — деди Феруза опа. — Сирдарёлик қиз. У умуман овозини кўтармийди. Сал қаттиқроқ гапирсанг, йиғлаб юборади. Ман унга ишонаман. Сиз нима ҳақида гаплашганизни менга исботлаб беринг, аудиоёзувни қўйиб беринг», (дарвоқе, у қўнғироқ қилганда ходими билан гаплашганим ҳақидаги аудиоёзув борлигини айтган эдим. Аудиоёзув ҳозир ҳам қўлимизда турибди) деб талаб қила бошлади.

Ф.Қурбонованинг нега жон куйдириб ходимининг тарафини олаётганини унинг шу гапидан сўнг англагандай бўлдим. Бундан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати таниш-билишчилик асосига қурилгани ойдинлашади.

Биргина қўнғироққа нотўғри жавоб бериш ҳам айбми, дея эътироз билдираётган раҳбар ўз ишини тўғри ташкил қилса, ходимларига муомала маданиятини, ОАВ билан ишлаш малакасини ўргатса яхши эмасми?.

Бизнинг мақсадимиз компанияни танқид қилиш эмас, бор-йўғи тизимдаги ишларни тарғиб қилиб, янгиликлардан одамларни хабардор этиш эди. Аммо мен қўнғироқ қилганда ўша ходим маълумот бериш тугул ўзини таништиришга ҳам истиҳола қилган эди. Ўзини таништиришни истамаган одам билан ҳам мулоқот қилиб бўладими? Бирор айби бўлмаса, кимлигини айтишдан ҳам чўчийдими, одам? Гаплашган одамингнинг кимлигини билмасдан туриб, ундан қандай қилиб савол сўраш мумкин?

«Исмини айтмаса айбми, — дейди Феруза Қурбонова. — Балки қўрққандир. Бизга «Озодлик», ББСлардан ҳам телефонлар бўлади...»

Опажон, ахир мен «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасидан эканлигимни, исми-шарифимни айтиб ўзимни танитдим-ку, ўша «оппоқ» ходимингизга. Ундан кейин чет эл матбуоти бўлса, ўзини таништирмаслик керак, деган қоида борми? Ё сиз уларга шундай сабоқ берганмисиз!?

Нима мақсадда келганини ўзи ҳам англамаган матбуот хизмати раҳбари бу мақола учун судда жавоб берасизлар, деб «қўрқитиш»га ўтди.

«Ман ишлаб турган авиакомпания матбуот хизмати ишини нолга чиқариб, газетага бундай тарзда ёмонлаб чиқишизга йўл қўймайман, — деб столни муштлади. — Сиз бошқа матбуот хизматларини ёмонланг... Рубрикаларини топиб қўйганини-чи? «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК раҳбарияти ўқисин!» Ўқимаса нима бўлади МАК раҳбарияти? Энди шахсан ман ҳамкорлик қилмайман сизлар билан. Инсон сифатида ҳам гаплашмайман, роса хафа бўлдим сизлардан...»

Уларнинг гапи тугай демасди...

Аслида, газета саҳифасига қандай рукн қўйиш таҳририятнинг иши. Унга эътироз билдиришнинг ўзи жавобгарликка сабаб бўлади. «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда айтилганидек, «танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди» (8-модда). «Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади» (10-модда).

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг матбуот хизмати раҳбарининг танқидий мақола юзасидан таҳририятга бундай важоҳат ва таҳдид билан келиши қанчалик тўғри? Ундан кўра, асосли танқиддан тегишли хулоса чиқариб, ҳамкорликни янада кучайтирса, оммавий ахборот воситалари билан ишлашдаги сусткашликка барҳам берса, фақат сайтга икки-уч кунда битта материал жойлашдан бошқа иши кўринмаётган 10 га яқин ходимини ишлатиб, компания имижини кўтаришга ҳаракат қилса бўлмайдими?

Бундан ташқари, «газетада нима учун бунақа мақола чоп этдинглар?», деб дағдаға қилишга унинг нима ҳақи бор? Бу билан оммавий ахборот воситаларининг эркинлигига, журналистнинг ҳуқуқий ҳимоясига путур етказиб қўймаяптими? Газетада чоп этилган материаллар учун муаллиф жавобгар, аммо у ўзи танқид қилган ташкилотнинг матбуот хизматига ҳисобот беришга мажбур эмас. Муаллиф сифатида дахлсизлигини сақлаш учун ўзини танитмасликка ҳам тўла ҳақли.

Қонунчилигимизга кўра, журналистикада ҳеч бир мақола танқид қилаётган ташкилот раҳбарияти билан келишиб ёзилмайди. Танқидий мақола чиқишидан олдин ўша ташкилотни огоҳлантириш керак, деган қоида ҳам ҳеч қаерда йўқ. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунинг 7-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ».

Тўғри, танқид ҳеч кимга хуш ёқмайди. Аммо асосли танқиддан тўғри хулоса чиқарган киши албатта муваффақиятга эришади, ҳеч қачон кам бўлмайди. Танқид — келажак меваси, деб бежиз айтилмайди. Аммо жамиятимизда ўзини ҳаммадан устун қўядиган, бизни танқид қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, деб ҳисоблайдиган баъзи кимсалар ҳам борки, уларнинг дунёқарашини ўзгартирадиган, кўзини очадиган вақт аллақачон келди, назаримизда.

Жамиятимизнинг барча соҳаларида улкан ислоҳотлар бўлаётган бир пайтда ҳар бир раҳбар ўз ишига аввало танқидий назар билан қараши, билдирилаётган фикр-мулоҳазалардан хулоса чиқариб ишлаши лозим. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак». Худди шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати раҳбари ҳам.

Бекзод Ибрагимов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг