Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш тизимида мажбурий меҳнатни назорат қилувчи комиссия ташкил этилмоқда

Соғлиқни сақлаш тизимида мажбурий меҳнатни назорат қилувчи комиссия ташкил этилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинмоқда. Ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этган ҳар бир раҳбар қаттиқ огоҳлантирилмоқда.

Жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт, таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Ушбу топшириқлар ижросини бекаму кўст бажариш, тиббиёт ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этиш ҳолатларини бутунлай бартараф этиш, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши масъуллари, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Республика миқёсидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, илмий-текшириш институтлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар директорлари иштирок этди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббиёт ходимларининг қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича шифохоналар кесимида доимий ишловчи комиссиялар ташкил қилиш белгиланди.  

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Видеоселектордан сўнг соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилишининг ачинарли оқибатлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Президентимиз ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб этиш, кўзбўямачилик билан шуғулланишни давлат раҳбарининг сиёсатига хиёнат дея баҳолади, — дейди А.Шодмонов. — Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу алоҳида таъкидланди. Илгари шифокору ҳамширани турли жамоат ишларига олиб чиқишга йўл қўйилгандир, лекин бугун замон ўзгарди, ёндашув ўзгарди. Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш энди тарихда қолади. Соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинидаги раҳбарлари шуни англаши лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати мажбурий меҳнат деган иллатни таг-туги билан йўқотишга, халқ манфаатини бирламчи ўринга қўйишга қаратилган. Тизимда фаолият юритаётган ҳеч бир ходим энди мажбурий меҳнатга жалб этилмайди. Кўзбўямачилик, бир-биримизни алдаш билан бугун ўтиши мумкиндир, лекин бу билан келажакни қура олмаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг