Кузнинг сўнгги ойида қандай об-ҳаво кутилади? «Ўзгидромет» изоҳи
Республика Гидрометеорология маркази ноябрь ойида кутиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Ноябрь — кузнинг охирги ойи, ва у одатда, ҳароратнинг кескин ўзгаришлари билан ажралиб туради. Ноябрь ойининг ўртача ҳарорати октябрга нисбатан 5-7 даража пастдир. Бу ойда ёғингарчилик ҳам кўпроқ кузатилади, кўпроқ давом этиб, кучлироқ бўлади. Ноябрда ёмғирнинг қорга айланиш ҳолатлари такрорланиб туради. Тоғли туманларда айрим жойларда қор қоплами ҳосил бўлсада, кўпинча у беқарор бўлади.
Бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилларда ноябрь ойида ҳарорат, одатда, ойнинг биринчи ярмида 27-32 даражагача, жанубда 34 даражагача кўтарилган.
Ўтган асрнинг ўртасигача энг совуқ ноябрларда ҳарорат 13-18 даража совуққача, ҳатто ундан ҳам паст, шимолда 22-27 даража совуққача пасайган.
Лекин сўнгги 50 йил ичида республика ҳудудида ноябрда бундай совуқлар кузатилмаяпти. Камдан-кам ҳолатларда тунда ҳарорат 4-6 даража совуққа, шимолда 13-16 даража совуққача тушади. Фақат 2016 йил ноябрининг охирги ўн кунлигида ҳарорат 8-13 даража совуқ, шимолда 20-22 даража совуқ бўлган.
Ўзгидрометнинг жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларидан фойдаланиб тайёрланган дастлабки баҳоларига кўра бу йилги ноябрь ҳам ҳарорат режими, ҳам ёғингарчилик режими бўйича меърларга яқин бўлиши кутилмоқда.
Ноябрнинг деярли бутун биринчи ҳафтаси давомида Ўзбекистонда об-ҳаво кам булутли бўлади. Дам олиш кунларида булутлилик ортади, бироқ қуруқ ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳарорат кечаси 2-7 даража, кундузи 18-23 даража бўлади.
Кейинчалик иссиқ тўлқинлар совуқ тўлқинлар билан алмашиб туради, ҳарорат кечаси 5-8 даража илиқдан 0-3 даража совуққача, кундузи 17-20 даража иссиқдан 3-6 даража илиққача ўзгариб туради. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter