Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш учун айрим тадбирлар бекор қилинди
Вазирлар Маҳкамасида Наврўз байрамини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати портали хабар берди.
Хабарга кўра, асосий байрам тадбирлари ва халқ сайллари ўтказиладиган жойларда янги турдаги COVID-19 коронавирусининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида тегишли профилактик чоралар кўрилади, тиббий назорат кучайтирилади. Шу билан бирга, мазкур юқумли инфекция инобатга олиниб, хавфсизлик нуқтаи назаридан бир қатор маҳаллий ва халқаро даражадаги, чет эллик меҳмонлар иштирокидаги тадбирлар бекор қилинмоқда.
Хусусан, байрам арафасида Тошкент шаҳрида ўтадиган Наврўз марафони, Хива шаҳрида 31 март 1 апрель кунлари ташкил этиладиган «2020 йилда Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти» йилининг расмий очилиш маросими ҳамда «Бухоро шаҳри – Ислом олами маданияти пойтахти», деб эълон қилиниши муносабати билан 14-16 апрель кунлари ўтказиладиган тадбирлар бекор қилинди.
Шунингдек, жойларда кўчма савдо дўконлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, баҳорий таом сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил этилади, миллий чорпоялар, сўрилар ва хонтахталар жойлаштирилади.
Боғларда, очиқ майдонларда дорбозлар, полвонлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозларнинг томошалари, қушлар кўргазмаси, варрак учириш, арқон тортиш, арғимчоқ учиш каби халқ ўйинлари мусобақалари ташкил этилади.
Сайл давомида мамлакатимизда истиқомат қиладиган турли миллат вакилларининг бадиий чиқишлари, фольклор-этнографик гуруҳларнинг концертлари ҳам ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter