Кореяда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси очилади
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида ваколатхонасини очади. Бу ҳақда агентликнинг «Facebook»даги саҳифасида маълум қилинди.
Хабарда 2018 йилнинг 8 февраль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У билан учрашув бўлиб ўтгани қайд этилади.
Учрашувда Кореянинг Кванжу шаҳрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги ўртасида имзоланиши кутилаётган Ўзбекистон фуқароларини Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун бандликни ҳал этиш тизими орқали жўнатишга оид янги Меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолашга оид масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Кореянинг Кадрларни бошқариш вазирлиги ўртасидаги Меморандумни амалга оширишга оид ҳамда икки томонни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 ноябрдаги Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Корея персонални ривожлантириш институти ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланган ҳамда Кадрлар тайёрлаш ва бандлик даражасини қўллаб-қувватлаш дастури тасдиқланган эди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Корея персонални ривожлантириш институти ўртасидаги ушбу меморандумни ҳаётга жорий этиш мақсадида томонлар ўртасида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаш учун рухсатнома олиш учун Ҳукумат қарорига мувофиқ, тақдим этилаётган «Далварзин» маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи базасида Ўзбекистон фуқароларини корейс тили бўйича ўқитиш марказини очишга қарор қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter