Комил Алламжонов Хитой элчиси билан учрашув ўтказди
Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним ва ХХР нинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси жаноб Чжан Вэнчуан билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув доирасида «Кўнгил кўзи» лойиҳасини амалга оширишда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлаш, матбаа ускуналарини модернизация қилиш, босмахона ва ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш, Кўзи ожизлар босмахонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Хитой томони Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувига шароит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, «Кўнгил кўзи» лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида кўзи ожиз бўлган болаларни дарсликлар, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш, босмахона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай меҳнат шароити яратиш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter