Кўчада бемақсад юриш карантин чекловини бузишга кирадими?
Айрим фуқароларда кўчада бемақсад юриш нима ўзи ва бунга риоя қилмаса қандай жавобгарлик мавжуд деган саволлар туғилмоқда. Бу саволларга Адлия янгиликлари телеграм-канали жавоб берди.
Маълумки, Республика махсус комиссияси қарорига асосан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари, Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида фуқароларнинг уйдан кўчага бемақсад ва сабабсиз чиқмасликлари учун мажбурий равишда «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи жорий этилган.
Белгиланган тартибга кўра, «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзида кўчага фақат қуйидаги сабаблар билан чиқиш мумкин:
- биринчидан, ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун. Бунда шахс фақат ўзининг яшаш ҳудудидаги дўкон ёки дорихонага бориши назарда тутилади;
- иккинчидан, шифокор кўригига мурожаат этиш учун;
- учинчидан, иш жойига бориш ва келиш учун.
Шунингдек, Махсус комиссия қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида кунига бир маротаба сайр қилдиришга рухсат берилди.
Ушбу ҳолатлардан ташқари бошқа мақсадларда кўчага чиқиш бу бемақсад кўчага чиқиш сифатида қаралади ва карантин қоидаларини бузиш ҳисобланади. Мисол учун, сайр, спорт билан шуғулланишга ёки шунчаки яқин қариндошини кўришга чиқиш ҳам бемақсад кўчага чиқиш деб топилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter