Кексалик. Уларнинг топганидан йўқотганлари кўп, аммо... (видео)
Кексалик, қарилик деганда аксарият ҳолларда неваралар даврасида, тўйларнинг, маъракаларда нуроний отахонлару онахонлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Ёки бўлмаса атрофдагиларнинг ёрдамига муҳтож одамларни тушунамиз. Аммо уларнинг ўз ҳаёти, ўз ҳудуди, ўз қизиқиши ва ўз машғулотлари борлигини, бўлиши мумкинлигини, шароит яратиб беришимиз кераклигини унутиб қўямиз. Ва айнан шу машғулотлар ва қизиқишлар уларнинг ҳаётига мазмун бағишлаётгани ҳам ҳақиқат.
Атрофимизда тажрибаларини бўлишадиган, ўртоқлашадиган бобо-бувиларимиз жуда кўп. Улар қариликни касаллик ёки ёлғизлик деб тушунмайдилар. Уларнинг топганидан йўқотганлари кўп. Ўша йўқотишларнинг ўрнини тўлдирмасада чалғитадиган машғулотлар билан умрларига умр қўшмоқдалар. Улар кексаликни хотиржам қабул қиладилар, босиб ўтилиши керак бўлган йўл деб биладилар, улар шу ёшда ҳам ўзини эркин ва мустақил эканликларини исботлайдилар ва бошқаларга ўрнак бўладилар.
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи онахон Азизова Шарифа 82 ёшда, шу пайтгача тиним билмайди, яхши кўрган машғулоти тўқиш. Йиллар йўқотишларидан чалғишни истайди, беморлигини унутишни истайди. Атрофидагиларга тўқиган нарсаларини совға қилса, уларнинг қувонганини кўрса ўзи ҳам қувонади, беморлиги эсидан чиқади.
Видеолавҳада Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги «Саховат» уйида яшовчи отахон Эркин Холматов, 69 ёшли Эркин отанинг гапларига ҳам қулоқ тутамиз.
Психолог Мадина Мийтан ўз тажрибалари ва кузатувларидан келиб чиқиб шундай тавсия беради:
«Кексалик ўзи нима, биз уни қандай қарши оламиз, биз тайёрмизми кексаликни қабул қилишга.
Кеча кечки пайт кичкина қизим билан бирга кино кўрдик. Одатда, ҳар шанба шундай қилишга ҳаракат қиламиз, чунки эрталаб ҳеч ким ҳеч қаёққа шошмайди. Кино кўраётиб, қизим шундай деб қолди:
—Ая, нимага биздаги кўплаб буви ва боболарнинг ўз қизиқишлари йўқ-ми, чунки ҳаммаси нафақага чиққандан кейин деярли ўзлари ҳоҳлаб қиладиган иши йўқ. Мактабимдаги кўплаб ўртоқларимнинг ҳам бобо-бувилари кўп касал бўлишади ёки биз кўпчилигимиз қарияларни касал деб ўйлаймиз-ми?!
Агар, биз ўша кинода кўрганимиз ўсмир бола Мильтоннинг бобосига ўхшаган боболар кўп бўлса, мен ҳечам қарилик касаллик ёки уларга фақат парвариш керак деб эмас, балки бирга ўйнаш мумкин,бирга кинога бориш мумкин ҳам деб ўйлардим. Мактабим, дўстларим ҳақида,муаммоларим ҳақида ҳам айтаолардим.
Мен, сизни ва дадамни менинг болаларимга Мильтоннинг бобосига ўхшаган қария бўлишингизни истардим.
Ҳа, шунақа бобожону бувижонлар қариликни ёрлиқ қилиб олиб жойингиздан кўтарилишгаям эриниб, қорин қўйиб, ақлга энди дам деб, фақат ўзингизни ўрнингизни тўй-маъракада деб, яшаманг. Неваралар, нафақат ўзининг бобо-бувиларини, деярли барчаникини қиёслаш, солиштиришида жон бор.
Ўзингизнинг узоқ донишмандлик ҳаётингиздан олган энг инсоний ҳақиқатларингизни невараларингиз билан бўлишинг. Сизларнинг ҳаётга креатив ёндошувингизга невараларингиз жудаям муҳтож экан.
«Мен қари бўлганим учун, ҳаммани ёрдамига мен муҳтожман» деган, эскича стеротип қарашларингиздан воз кечинг бу имконсиз эмас. Невараларингиз сизнинг соғлом фикрларингизга ва тажрибаларингизга муҳтож.
Қўрқманг, шу пайтгача тирикчилик деб ўзингизни унитган бўлсангиз эндиям кеч эмас. Ҳаётингизни қолган қисмини ўзингизга бағишланг. Фарзандларингиз боши билан ишга шўнғиган бўлса, невараларингиз сиздан илҳом олсин, асло қариликка раҳм кўзи билан қарамасин. Шунчаки, раҳм-шавқат қилиниши керак бўлган чорасиз ҳолингиздагина шу ишни астойдил қилишсин».
Муаллиф: Барно Султонова,
Оператор: Акмал Қудратов,
Монтаж устаси: Шерзод Қаюмов,
Матнни Эъзоза Турғунова ўқиди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter