«Канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж бор» — Вазирлик тилла ручкалар юзасидан баёнот берди
Бугун Мудофаа вазирлиги томонидан харид қилиниши режалаштирилган ручкаларга оид хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вазирликнинг ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти мазкур масала юзасидан тушунтириш берди.
«Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб, алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Ўз ўрнида, ушбу ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланяпти.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда.
Шу боис келгусида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канцелярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилган», — дейилади баёнотда.
Ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилгани таъкидланган.
Қўшимча маълумот сифатида: бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter